ТОШКЕНТ, 29 окт – Sputnik. 28 октябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, "С5+1" шаклидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақа кун тартибининг айрим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашувда АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен иштирок этди.
Томас Шэннон шунингдек, Самарқандда бўлди ва у ерда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гуллар қўйди.
Бундан ташқари, Томас Шэннон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳамроҳлигида Самарқанднинг айрим диққатга сазовор жойларида бўлди. Томас Шэнноннинг Самарқандга ташрифи акс этган фотосуратлар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг Facebookдаги расмий саҳифасига жойлаштирилди.