ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун видеоконференцалоқа шаклида брифинг ўтказилди. Бу ҳақда МСК сайтида маълум қилинмоқда.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 28-моддасига асосан сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.
Брифингда маълум қилинишича, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, Тошкент телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.
"Халқ сўзи", "Народное слово" ва "Правда Востока" газеталарида 6 саҳифадан, "Нурли жол" ва "Овози тожик" газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.
Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири Ўзбекистон бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни, махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Шунингдек мамлакатнинг 36та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликлари бепул жойлаштириш имконияти яратилади.
Сайлов тажрибасида илк марта "Овози тожик", "Нурли жол" газеталари нашр майдонларидан ҳам номзодлар ташвиқоти учун фойдаланилади. Бу Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг номзодлар сайловолди дастурлари қоидалари билан яқиндан танишиш имкониятини янада кенгайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, услублари ва мазмунини мустақил белгилайдилар.
Сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.