ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Россиялик тадбиркорлар делегациясининг Тошкентга ташрифига бағишлаб ташкил қилинган Ўзбекистон-Россия бизнес-форумида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев бу икки мамлакатни иқтисодий ва тарихий жиҳатдан кўп нарса боғлаб туришини қайд этди.
У шу йилнинг ноябридан Челябинск—Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши ҳақида гапирар экан, бу ҳудуднинг Ўзбекистон билан туризм ва тадбиркорлик бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Элчи икки давлатнинг азалий яқинлигини исботлаш мақсадида қизиқ далил келтирди.
"Агарда Челябинск шаҳри гербига қарасангиз, унда туя тасвири туширилганини кўрасиз. Гап шундаки, Челябинск Буюк ипак йўлининг Осиё ва Европани боғлаб турадиган тугунларидан бирида жойлашган. Ўша даврларда ҳаракат воситаси сифатида одамлар чидамли жонивор бўлган туялардан фойдаланишган. Савдогарлар учун ҳам энг яхши транспорт воситаси туя бўлган, шунинг учун челябинскликлар туяни жуда қадрлашган ва ўз гербларида туя тасвирини муҳрлашган", — деди Тюрденев.
Совет даврида герб ўзгартирилган – туя ўрнига трактор тасвири қўйилган.
2000 йилда тарихий герб асосида шаҳарнинг туя тасвири туширилган янги герби тасдиқланди. Элчининг фикрича, бу Россия ва Ўзбекистон халқлари ҳамда тадбиркорлари ўртасидаги алоқалар узоқ даврларга бориб тақалишидан далолат беради.