ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Саноат ва савдо вазири ўринбосари Александр Морозов ишчи ташрифи билан Тошкентда бўлди, деб хабар берди Россия саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Делегация таркиби Россиядаги транспорт, қишлоқ хўжалиги ва махсус машинасозлик корхоналари: КамАЗ, "Ростсельмаш" комбайн заводи, "Росагромаш" ассоциацияси, Рубцовск эҳтиёт қисмлар заводи, Ногинск ёнилғи ускуналари заводи, "Коминвест-АКМТ" ва "Пегас-Агро" компаниялари вакилларидан иборат бўлди.
Ташриф доирасида Россия делегацияси X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржаси билан ҳам танишди. Ярмарканинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов иштирок этди ва ўз чиқишида Россия делегациясининг мазкур тадбирга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Александр Морозов двигател ишлаб чиқарувчи GMPT Uzbekistan заводи ҳамда қишлоқ хўжалик техникасини тайёрловчи UZ CLAAS Agro қўшма корхонасида ҳам бўлди.
Ўзбекистонга ташриф доирасида республика Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов билан музокаралар ўтказилди. Учрашув самарали ва ишончли руҳда ўтди. Томонлар темир йўл машинасозлиги соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондаги нон ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилишда Россия компанияларининг иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида бир фикрга келдилар. Томонлар республикада ҳамкорликда ўрим-йиғим комбайнлари ишлаб чиқариш имкониятини батафсил ўрганиб чиқиш борасида келишиб олдилар (Россия томонидан "Ростсельмаш" заводи лойиҳа ҳамкори сифатида иштирок этади).