ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон Тошкентдаги Elit-Polimer компанияси жамоасининг "Энг яхши сантехник. Россия Кубоги" танловида иштирок этиши ҳақидаги келишувни имзолайди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Лойиҳа ташкилотчиларининг айтишларича, бу нуфузли танлов бешинчи марта ўтказилмоқда. Танловда ҳар йили Россиядан ташқари Қозоғистон, Белоруссия, Сербия ва бошқа мамлакатлардан жамоалар қатнашади.
Ўн йилдан буён Ўзбекистон бозорида полипропилен қувурларни ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланиб келаётган Elit-Polimer компанияси мазкур маҳорат танловида қатнашишга қарор қилди.
"Илк марта ўзбек жамоасининг танловда қатнашиши ҳақидаги келишув ҳукумат даражасида имзоланади. Бу биз учун катта шараф ва шу билан биргаликда жиддий масъулият ҳамдир", —Elit-Polimerнинг бош директори Маъмур Яқубов.
Танлов анъанавий равишда 22 ноябр куни Челябинскда ўтказилади. Унда Россия ва турли мамлакатлардан 30та сантехниклар жамоаси қатнашади. Улар ўз маҳоратларини намойиш этишлари ва 300, 200 ҳамда 100 минг рубл мукофотни қўлга киритишлари мумкин.
Чемпионатнинг бош ташкилотчиси Сергей Ермаковнинг айтишича, тадбир географияси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. У бу йил ўзбекистонлик сантехниклар ҳам унда иштирок этишларидан мамнунлигини билдирди.