ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Транспорт-экспедиторлик фаолияти билан шуғулланаётган компаниялар ҳамда айрим нашриётлар қатор имтиёзларга эга бўлиши мумкин, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақда "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Президентликка номзод Сарвар Отамуратов айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, тадқиқотларга қараганда бугунги кунда 20 тонна маҳсулотни 500 километр масофага автомобилда ташиш таннархи Ўзбекистонда 1 километр учун 1,75 долларни ташкил этмоқда. Таққослаш учун: қўшни давлатларда бу кўрсаткич 0,7 доллардан 1,3 долларгача.
"Юқорида айтиб ўтилган масалалар билан бир қаторда логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, миллий маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқишда талаб этиладиган ҳужжатларнинг кўплиги, уларни кўриб чиқиш муддатларининг узоқлиги ва қимматлиги муаммоси ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилмоқда ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг таннархи сунъий ошишига олиб келмоқда", — деди номзод.
Отамуратов шундан келиб чиқиб, транспорт-экспедиторлик фаолияти билан шуғулланувчи компанияларга имтиёзлар бериш, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга бериш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, божхона хизматлари нархини камайтириш ва чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш юзасидан иш олиб бормоқчи.
Номзоднинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар олишга муносиб яна бир тоифа бу Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётлардир.
Бу эса ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик ва умуминсонийлик руҳида тарбиялаш ҳамда миллий манфаатларга зид бўлган ғоя ва мафкураларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жамият, оила ва таълим тизимида ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш имконини беради, деб ҳисоблайди Отамуратов.
Ўзбекистонда Президентлик сайловлари 4 декабр куни бўлиб ўтади. Президентликка номзодлар тўрт нафарни ташкил этади. ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёев, "Миллий тикланиш" Сарвар Отамуратов, "Адолат" Наримон Умаров номзодини илгари сурган. Ўзбекистон ХДП Ҳотамжон Кетмонов номзодини тасдиқлаган.