ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik, Антон Курилкин. Ўзбекистонда жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомидаги ижтимоий-иқтисодий фаолият сарҳисоб қилинди. Республикада ЯИМ 7,8%га, саноат ишлаб чиқариши ҳажми ҳам шунчага ўсди, бюджет профицити эса 0,1% деб баҳоланди.
Мамлакат иқтисодиётида асосий ўринни ривожланишига давлат даражасида эътибор қаратилаётган ўрта ва кичик бизнес эгалламоқда. Sputnik Ўзбекистон иқтисодиётнинг ушбу сектори қай даражада ривожланганлиги ва республикада хориж компаниялари ва хусусий тадбиркорлар ўзларини қандай ҳис этаётганликларини таҳлил қилди.
Ўтган чорак аср давомида Ўзбекистон миллий иқтисодиётини қайта қуришга эришди: саноатнинг янги тармоғи — автомобилсозлик пайдо бўлди, текстил саноати ривожланмоқда — республика нафақат пахта, балки текстил маҳсулотларини ҳам экспорт қилмоқда. Хусусий тадбиркорлик ҳам тараққий топмоқда: бугунги кунда Ўзбекистонда 215 мингдан ортиқ кичик бизнес корхоналари фаолият кўрсатмоқда, уларнинг халқ хўжалигининг турли тармоқларидаги улуши 27,8%дан 98,4%гачани ташкил этади.
Атиги 15 йил олдин кўрсаткичлар анчагина камтарона эди. Масалан, қишлоқ хўжалигида хусусий тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши атиги 73%ни ташкил этарди, ҳозир эса бу кўрсаткич 98,4%га етган. Йўловчи ташиш (30%дан 87,3%гача), юк ташиш (6,7%дан 53,7%гача), қурилиш (38,4%дан 66,7%гача) ва саноат (12,9%дан 66,7%гача) соҳаларида хусусий бизнес улуши сезиларли равишда ўсди. Экспортда ҳам кичик бизнеснинг роли ошиб бормоқда — агар 2000 йилда экспортнинг атиги 10,2%и кичик бизнес ҳиссасига тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 27,8%га тенг бўлди. Мамлакатдаги 80%дан ортиқ иш ўринлари нодавлат сектори томонидан ташкил этилмоқда.
Йирик иқтисодий лойиҳалар ҳам ўз самарасини бермоқда. 2016 йил октябрида Foreign Direct Investment Intelligence "Навоий" эркин иқтисодий саноат зонасини бутун Марказий Осиёда энг яхшиси деб топди.
Лекин барча муаммолар ҳам ҳал этилмаган. Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилда республикада ишсизлик даражаси 5,2%ни ташкил этган, меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли учдан бир қисми эса бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда. Бу муаммоларни сиёсат ҳал қилиши лозим.
Статистика ва ҳақиқат
Ўзбек иқтисодиёти ҳудудда яхши кўрсаткични намойиш этмоқда, йиллик ЯИМ ўсиши эса кейинги бир неча йилдан буён ўртача 7-8%га тенг бўлмоқда. Шунингдек, расмий ҳукумат ҳам саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг ошгани, турмуш даражасининг ўсгани ва мамлакатда иқтисодий иқлим шароити яхшилангани ҳақида маълум қилмоқда.
Шу билан бирга, РФА иқтисодиёт институтининг советлардан кейинги давр тадқиқотлари маркази етакчи илмий ходими Аза Миграняннинг фикрича, Ўзбекистонда кичик бизнеснинг ўсиши борасидаги ҳақиқий вазиятни баҳолаш мураккаб.
"Статистикага ишониш жуда қийин. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб фақатгина республикадаги бизнеснинг умумий ўсиши ҳақида гапириш мумкин. Кейинги уч йилда ҳукумат кичик бизнес ривожини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, лекин рақамларни тасдиқлаш ва назорат қилиш мураккаб иш", — дейди эксперт.
Лекин, деб эътироф этади эксперт, мамлакатда кичик бизнес ривожланмоқда, бу биринчи навбатда давлат қўллаб-қувватлаш дастурлари ва қонунчиликнинг либераллаштириши самарасидир.
"Давлат деҳқон хўжаликларини мустаҳкамлади ва уларни тадбиркорлик йўлига бошлади. Маълум бир либераллаштириш ишлари амалга оширилди. Давлат ишлашга имкон берган соҳаларда кичик бизнеснинг ривожланиши кузатилмоқда. Кейинги пайтда кичик бизнес экспорт йўналишига ҳам кириб келди ва бу экспортда хусусий корхоналарнинг ҳиссаси ошишига олиб келди", — дейди Мирзанян.
Ҳеч қандай воситачиларсиз
Мамлакатда фаолият кўрсатаётган хориж корхоналари сони ҳам ошиб бормоқда, бунда нафақат компанияларнинг филиаллари, балки кичик фирмалар ҳам қатнашмоқда. Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил этган ТендерПро компанияси директори Олег Умрихин ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда компания очиш Россиядагидан кўра қийин эмас.
"Бу Россиядаги каби кўп вақтни олмайди, филиални очишда ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмади. Компаниямизнинг Ўзбекистонда ишлаш шароитлари ҳам жуда қулай. Бизда шаффоф ва оқ бухгалтерия йўлга қўйилган, ўтган тўрт йил давомида бирор марта ҳам солиқ текшируви бўлмади", — деди бизнесмен.
Айни вақтда, деди Умрихин, мамлакат янада очиқлашиб бормоқда, давлат солиқ имтиёзлари эвазига инвесторларни фаол жалб этмоқда. Катта маблағни инвестиция қиладиган йирик компаниялар фойдали шароитларга эга бўлишлари мумкин.
Ўзбекистондаги яна бир аҳамиятли нарса деб россиялик бизнесмен амалдорларнинг музокаралар учун очиқ эканлигини билдирди.
"Давлат органлари билан ҳамкорлик — эҳтимол бизга омад кулиб боққандир, жудаям дўстона. Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ёки Молия вазирлигидаги юқори мансабли амалдор билан алоқага чиқиш, енгил саноат вазири билан учрашиш мумкин. Россия билан солиштирганда, бу ерда мулоқот учун босиб ўтиладиган поғоналар камроқ ва юқоридаги амалдорлар сенга яқинроқ", — деб хулоса қилди Умрихин.
"Опори России" бутунроссия кичик ва ўрта тадбиркорлик жамоат ташкилотининг эксперт-аналитика фаолияти бўйича биринчи вице-президенти Владислав Корочкин глобал рақобат шароитларида яшаб қолиш учун МДҲ давлатларига кичик бизнеснинг ривожланиши жуда муҳим эканлигини эътироф этди.
"Маъносига кўра, кичик бизнес иқтисодий жиҳатдан давлатга қараб қолмаган кўп сонли иқтисодий субъектлар учун улкан қувватдир", — деди эксперт.
Шу билан бирга у "анъанавий" ва "илғор" кичик бизнесни фарқлаш лозимлигини айтди.
"Анъанавий кичик бизнес — ҳар қандай иқтисодий буҳронларда ҳам яшаб қолиш имкониятини берувчи, ҳар қандай жамиятдаги иқтисодий барқарорликнинг пойдеворидир. Илғор бизнес эса — янги маҳсулот ва технологияларни ҳаракатга келтирувчи кучни пайдо қилади. Интеллектуал маҳсулотларни экспорт қилиш мамлакатнинг устунлигини ва унинг жаҳон майдонидаги ўрнини таъминлаб беради", — деб қўшиб қўйди Корочкин.
Экспертнинг фикрича, маъмурий ресурслардан фойдаланмайдиган, рақобатбардош, мустақил хўжалик субъектларининг етарлича миқдорда яратилиши бугунги кунда узоқни кўзлаб иш олиб борадиган ҳукуматларнинг стратегик вазифаси ҳисобланади.