ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон қурилиш ташкилотлари, уй ва бинолар қуришда собиқ Иттифоқ давридан қолган эски стандартлардан воз кечиб — еврокодлар, яъни биноларни қуриш ва лойиҳалаштиришда Европа техник стандартлар тизимига ўтиши керак, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақида Халқ Демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Хотамжон Кетмонов ўзининг сайловолди дастурида эълон қилди.
Унинг фикрига кўра бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш соҳасини замонавийлаштиришга керакли эътибор қаратилмаяпти. Қурилиш соҳаси эса иқтисодни тез ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омилларидан биридир.
"Бугунги кунда бизда қурилиш соҳасининг қонунний асослари, норма ва стандартлари ҳамда технологиялари жаҳон стандартларидан орқада қолиб кетган.Уларни замонавий техник воситалар ҳамда мутахассислар билан таъминлаш ҳам орқада қолиб кетган. Натижада чет эл қурилиш корхоналари ўз хизматларини экспорт қилиш билан шуғулланиб мамлакатларига валюта олиб кириш билаш шуғулланмоқда. Миллий қурилиш ташкилотларимиз эса ушбу талабларга жавоб бермаяпти ва бундай имкониятларга эга эмас", — деди у.
Президентликка номзод қурилиш ташкилотларини моддий-техник таъминлашни яхшилаш, янги технологияларни тадбиқ қилиш ва олий малакали мутахассисларни таклиф қилиш учун шароит яратиш учун уларга нисбатан солиқ босимини камайтиришyни таклиф қилмоқда.
Ундан ташқари Кетмоно қурилиш соҳасида собиқ Иттифоқ давридан қолган стандартларни бекор қилиб европа қурилиш стандартлари — еврокодлар тизимига ўтишни таклиф қилмоқда.
"Малакали мутахассислар таёрлашга алоҳида эътибор бериш керак, уларни чет давлатларга ўқишга юбориш керак. Янги материаллар ва технологиялар ҳамда юқорида айтиб ўтилган ислоҳотлар Ўзбекистон корхоналарининг чет эл қурилиш хизматлари бозорларига чиқишига имконият яратиши мумкин", — деди номзод.