ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ироқ ҳудудига ўз ҳарбийларини юбораётган Туркиянинг мақсади "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси жангариларини енгиш эмас, балки ўз таъсир доирасини кенгайтиришдир, — дея баёнот қилди шанба куни Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий. РИА Новости хабари асосида.
"Туркия "Ислом давлати"га қарши курашмаяпти, у фақатгина ўз манфаатлари ва таъсир доирасини кенгайтиришга уринмоқда", — деб айтган ал-Абадий Бағдодда бўлиб ўтган ислом форумида сўзлаган нутқида.
Ироқ Бош вазирининг сўзларига кўра, ўтмишда уларнинг ёрдам борасидаги даъватларига "чурқ" этмаган Туркия, эндиликда ўзининг ҳарбийларини йўллаб, таҳдидлар билан чиқиш қилмоқда.
Илгарироқ, АҚШ ушбу можарони бартараф этишга уринаётгани эълон қилинган эди.
Жума куни Пентагон раҳбари Эштон Картер Ироқ ва Туркия "ИД"га қарши курашда Туркия иштироки доирасига доир масалаларда келишиб олишгани ҳақида баёнот қилган эди.
Мосул ҳудудида "ИД"га қарши операция 17 октябрга ўтар кечаси бошланган эди. Ироқ ҳарбийлари 2014-йилда, яъни босиб олинганидан сўнг бир неча ҳафта ўтиб "ИД" жангарилари марказига айланган шаҳарни озод қилишни режалаштирган. Операцияда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳамда кўнгилли қўшинлар ҳамда қурд ҳарбий кучлари иштирок этмоқда.