ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Самарқандда трамвай йўлини қуриш ишлари бошланиб кетди, деб хабар беради, uz24.uz. Хабарда айтилишича, темир йўлнинг умумий узунлиги 8 километрдан иборат бўлади.
Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Тожибоевнинг сўзларига кўра, трамвай қатновининг дастлабки босқичи Самарқанд темирйўл вокзали майдони ва Сартепа массиви оралиғида йўлга қўйилади. Пўлат излар Беруний, Буюк ипак йўли, Амир Темур, Туркистон кўчаларида ётқизилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 октябр куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрганида Самарқанд шаҳрида трамвай қатновини қайта тиклаш таклифини берган эди.
Йўл қурилишининг иккинчи босқичида трамвай йўналишини Темирйўл вокзалидан Сиёб деҳқон бозоригача, учинчи босқичида Буюк ипак йўли кўчасидан Кимёгарлар шаҳарчасига қадар узайтириш кўзда тутилган.
Қурилиш ишлари 2017 йил Наврўз байрамига қадар якунланиши режалаштирилган.