ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. "Самарқанд шаҳрида трамвай қатнови қайта тикланиши ғояси шаҳар аҳолисини қувонтирди. Трамвай экологик тоза, иқтисодий камхарж ва оммабоп транспорт", деб таъкидланаган "Ўзбекистон" телеканалининг "Ахборот" дастурида.
"Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри транспорт тизимини янада яхшилаш, замонавий трамвай линияларини барпо этиш лозимлигига эътибор қаратди. Бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги, трамвайнинг экологик тоза транспорт воситаси сифатида атроф-муҳитга таъсири камлигини қайд этаркан, бу лойиҳани сифатли бажариш, 2017-йилнинг Наврўз байрамигача якунлаш зарурлигини таъкидлади", — дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати ахборотида.
Йўналишлар лойиҳаси аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда яқин вақтлар ичида ишлаб чиқилиши маълум қилинмоқда. ОАВларда берилган маълумотларга кўра, трамвай линияси Сиёб бозоридан Сартепа массивигача ўтказилади.
Маълумот учун, электр трамвайлар Самарқандда 1947 йилдан бошлаб ишга туширилган. 1973 йилнинг 28 августи эса Самарқанд трамвайи охирги марта қатнаган кун бўлган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 майида Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилганди. Шу куни Тошкентда ҳаракатланаётган сўнгги трамвай йўналиши — "Бешқайрағоч" даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи 17-йўналиш ёпилганди.
Мазкур қарор автомобиль транспорти сонининг мунтазам ортиб бораётгани, кўча тармоқларининг етарли даражада ривожланмагани ва трамвай йўналишларининг самарасиз фаолияти сабаб қабул қилинган.