ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Фарғона вилоятида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Ми-171 вертолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар эълон қилиниши билан ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдира бошлашди.
Ўзнет фойдаланувчилари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур қайғу билдирар эканлар, бу оғир дамларда уларга сабр ва матонат тилайдилар. Ўзбек халқи ҳар доим ўзининг энг яхши фазилатларини намойиш этиб келган ва ушбу авиаҳалокат қурбонларининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатишга тайёр.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фақатгина ҳамдардлик билдириш билан чекланиб қолмасдан, ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатишни таклиф қилишиб, уларнинг яшаш манзилларини сўрашмоқда.
Авиаҳалокат сабабларини текшириш бўйича махсус комиссия ташкил этилган. Ҳозирча ҳалокатга нима сабаб бўлганлиги ҳақида расман маълум қилинмади. Шунингдек, вертолёт Фарғона вилоятининг айнан қайси ҳудудида ҳалокатга учрагани ҳам маълум эмас.
Sputnik Ўзбекистон мухбирлари воқеалар ривожини кузатиб боради ва мавзуга оид ахборот билан таништириб боради.