ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Бир неча ҳафта илгари бутун ўзбек интернет нашрларида машҳур хоккейчи ўзбекистонлик истеъдодли болакай Салоҳиддин Азимовнинг ўйинларидан завқланганлиги ҳақидаги хабар шов-шувга сабаб бўлди. "Рус ракета"си номи билан танилган спортчи болакайнинг отасига: "Бундай истеъдодли бола хоккей ўйнаши шарт" деди.
Sputnik Ўзбекистон мухбирлари ёш истеъдод билан яқиндан танишишга қарор қилишди.
Хоккей бўйича Ўзбекистон тарихидаги биринчи легионерга айланган Салоҳиддин билан учрашувимиз пойтахтдаги NEXT савдо-кўнгилочар мажмуасида жойлашган музли майдонда кечди. Бу ерда нафақат қаҳрамонимиз, балки ҳақиқий эркаклар спорти деб номланувчи хоккейга меҳр қўйган кўплаб болакайларни учратдик.
Бунинг асосий сабабчиси эса Салоҳиддиннинг отаси, мамлакатда қайта ташкил этилган "Бинокор" хоккей жамоасининг сардори Алишер Азимовдир. Илгариги жамоа 1980 йилларда собиқ СССР биринчи лигасида шов-шувларга сабаб бўлганди. Айнан ушбу жамоа туфайли Ўзбекистон хоккей жамоасига эга бўлган энг жанубий мамлакат сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирганди.
Собиқ иттифоқ даврида етти ёшли Алишерни дадаси "Юбилейний" саройига хоккей билан шуғулланиш учун олиб боради. Ўшанда бутун Марказий Осиёга донг таратган бу спорт иншооти минглаб болаларни ўзига жалб этарди. Ҳарбий хизматдан қайтганидан сўнг Алишер севган машғулоти билан шуғулланмоқчи бўлди, лекин музли майдон йўқолиб кетган, иншоот эса кўргазма зали ва улгуржа бозорига айлантирилганди.
"Юбилейний" ҳақида сўз кетганида нафақат ёшлиги бу ерда ўтган авлод, балки бу афсонавий спорт саройи ҳақида эшитган бугунги ёшлар ҳам бир хўрсиниб қўйишади. Дарвоқе, яқинда NEXT майдонида шуғулланаётган ёшларнинг ота-оналари спортнинг хоккей ва фигурали учиш турларини оммалаштириш учун замонавий музли майдонга эга сарой қуриш ҳақида Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига таклиф билан чиқдилар.
Бу таклиф амалга ошишини вақт кўрсатади, бугунги кунда ушбу спорт турларини ривожлантириш вазифаси эса Алишер Азимовга ўхшаганлар зиммасида.
"2013 йилда Ўзбекистонда биринчи музли майдон очилди ва биз "Бинокор"ни қайта ташкил этишни бошлаб юбордик. Янги жамоа туздик, либослар сотиб олдик, машғулот ўтказа бошладик. Биринчи бор Олма Отага мусобақага бордик. Шундай қилиб аста-секин ишларимиз юришиб кетди. Учта халқаро мусобақада иштирок этдик, барчасида совринли ўринларни олиш насиб этди", — дейди у.
2014 йилда жамоа Сочидаги тунги хоккей лигаси фестивалига таклиф қилинди. Ўзбекистонликлар ўз гуруҳларида бир нечта учрашув ўтказишди, Финляндия, Германия, Эстония каби жамоаларни мағлубиятга учратишди ва фақатгина Россияга мағлуб бўлишди.
"Хоккей бизнинг қонимизда, қалбимиздан жой олган. У ҳаётимизнинг охиригача юрагимизда қолади", — дейди Алишер Акрамович.
Шунинг учун унинг уч ўғлидан бири Салоҳиддин ушбу машаққатли ва оғир спорт турини танлагани бежиз эмас. Қизиғи, Азимовнинг беш ёшли набираси ҳам хоккейга қизиқади – хоккейчилар сулоласи вояга етяпти, деб ҳазиллашади тажрибали бобо.
"Болалар билан икки йилдан буён шуғулланмоқдамиз. NEXTга раҳмат, улар бизга машғулотлар учун имконият яратиб беришди. Қозоғистонда чиқиш қилдик. Кейин эса қозоғистонликлар келишди, баҳорда улар билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Ўшанда улар Салоҳиддинга эътибор қаратишди, меҳмонлар унинг ўйини ва киритган голларига гувоҳ бўлишди. Шундан кейин уни "Армада" клубига таклиф этишди, бу унинг профессионаллик сари қўйган яхши қадами бўлди", — дейди Алишер Азимов.
Салоҳиддин шу йилнинг сентябридан бошлаб қозоқ клубида легионерга айланди ва Қизилўрдада ўтган ўсмирлар ўртасидаги Қозоғистон чемпионатининг илк ўйинида у саккизта шайба киритди ва учта узатмага муаллифлик қилди. Икки ўйин натижасига кўра 11 очко олган жамоанинг энг ёш ўйинчиси (етти ёшли Салоҳиддин 2007-2008 йилда туғилган хоккейчилар гуруҳида иштирок этади) энг яхши ўйинчи деб топилди.
Дўстлари Алишер Азимовга телефон орқали Павел Буре билан сўзлашишда ёрдам беришди. Улар машҳур хоккейчига Салоҳиддиннинг ўйини тасвирланган видеороликни жўнатишган ва ёш хоккейчи Бурега жуда маъқул тушган. Тез орада болакайнинг келажагини белгилаб берадиган учрашув бўлиши лозим.
Салоҳиддин ЦСКАнинг болалар хоккей мактабида ўқишни орзу қилади. Буре Салоҳиддинни шахсан ўзи синовдан ўтказишга ваъда берган. Яна бир жиҳати борки, ушбу афсонавий хоккей мактабига 10 ёшдан бошлаб қабул қилинади, Салоҳиддин эса эндигина етти ёшга тўлди. Яна уч йил кутишга тўғри келади.
Ёш қаҳрамонимиз эса ҳаётда жуда уятчан, лекин майдонда эмас. У майдонга тушиши билан ўзгача кайфиятга эга бўлади.
"Хоккей билан шуғулланишни бошлаган бир ярим йил ичида ўғлим жуда ўзгарди. Илгарилари у нимжон, онасининг ёнидан кетмасди, лекин хоккей билан шуғулланишни бошлагач, унда қатъият пайдо бўлди", — дейди катта Азимов.
"Хоккейга бўлган меҳр сиздан Салоҳиддинга ўтганми ёки бу мураббийлигингиз натижасими?", деган саволимизга у хоккейга бўлган муҳаббат, деб жавоб қайтарди.
"Ўғлим мана шу муҳитда улғайди, биз телевизор орқали барча ўйинларни бирга томоша қилардик, ҳозир YouTubeда кўрамиз, муҳокама қиламиз. У машғулотлардан уйга қайтганидан кейин ҳам чавгон ва тўпни олиб яна машқ қилади", — дейди Алишер Акрамович.
Отаси Салоҳиддиннинг оёғига конки кийдирганида у эндигина беш ёшга кирганди. Ўшандан буён у ҳар куни музли майдонга боради, отаси унинг шахсий мураббийига айланган.
"Биласизми, — дейди Азимов, — ҳар қандай ўйинчига устози фақатгина 40% нарса бера олади, агарда қолган 60% бўлмаса, у ҳолда ҳеч нарса чиқмайди. Хоккей — спортнинг энг мураккаб, ўта тезкор турларидан бири. Зудлик билан фикрлаш, ҳаракат қилиш, шайба узатиш талаб қилинади, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди".
Алишер Азимов раҳбарлик қиладиган иккита ўсмирлар жамоасида истеъдодли болалар яна топилади. Максим Эм, Жасур Рустамхонов, Азимхўжа Набиевлар ҳам Салоҳиддин сингари профессонал хоккейчи бўлиш орзусида.
Фахрийлар жамоасининг барча аъзоларининг фарзанд ва набиралари хоккей ўйнашади. Улар Ўзбекистон терма жамоасининг бўлажак аъзоларидир. Болалар бу ҳақда нафақат орзу қилишади, балки бир кун келиб шундай бўлишига ишонишади. Хоккей федерацияси ташкил этилади, хоккейчилар шуғулланишлари учун шаҳарда алоҳида жой ташкил қилинади, кўплаб истеъдодлар юзага чиқади.
Ҳозирда эса Азимовнинг шахсий ҳаракатлари натижасида фахрийлар жамоаси ва ёш хоккейчилар Қозоғистонга халқаро мусобақаларга боришмоқда. Бироқ болалар тажрибага эга бўлишлари учун россиялик хоккейчилар билан ҳам учрашув ўтказиш истаги бор. Салоҳиддин севимли хоккейчиси Александр Овечкинни кўришни орзу қилади. Ҳозирда ота-оналар ана шундай учрашувларни ташкиллаштиришда ёрдам берадиган ҳомийларни излашмоқда.
Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистонда хоккейни "Бинокор" жамоаси фахрийлари жонлантиришга уринишмоқда. Улар давлатнинг жиддий қўллаб-қувватлаши ва инвестицияларсиз буни амалга ошириш қийинлигини тушунишади. Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонасига қилинган мурожаат ҳам шу билан боғлиқ. Умид қиламизки, яна бир неча йилдан кейин жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишга қодир Ўзбекистоннинг профессионал хоккей терма жамоаси пайдо бўлади.