ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Асосий мавзу яна Россия ҳақида бўлди, деб хабар қилади РИА Новости. Клинтон Москвани америкаликлар ортидан жосуслик қилишда айблаган бўлса, Трамп Хиллари Клинтон Владимир Путинни ўзидан "ақллироқ" бўлгани учун ёмон кўришини айтди.
Путинга муносабат
Дебатлар давомида Трамп Владимир Путинга алоҳида эътибор қаратган. Миллиардернинг фикрича, Клинтон Россия етакчисини шахсий омадсизликлари учун ҳам жуда ёмон кўради.
"Путин ҳар қадамда Клинтондан фарқли равишда ўта ақлли иш тутган, Хиллари шунинг учун ҳам уни ёмон кўради", — деб қайд этган Трамп.
"Биз олти триллион доллар сарфладик, улар (яъни, Россия, таҳр.) эса Яқин Шарқни босиб олди", — деб айтган республикачи. Айтганча, Трамп, Вашингтон бунчалик катта маблағни айнан нимага сарфлаганига аниқлик киритмаган.
Миллиардер, шунингдек, Путин билан шахсан таниш эмаслигини қўшимча қилган.
"Мен Путин билан таниш эмасман, лекин у мен ҳақимда яхши гапларни айтган", — дея аниқлик киритган у.
Трампга кўра, Москва Вашингтон билан биргаликда "Ислом давлати" террорчилик уюшмасига қарши курашса "яхши бўларди".
Клинтон Москвани жосусликда айблади
Хиллари Клинтон навбатдаги бор Москвани кибер-ҳужумларда айблади. Аёлнинг айтишича, Россия ҳукумати "америкаликларга қарши шпионаж" билан шуғулланади.
"Кейин улар ушбу маълумотларни интернетга чиқариб юбориши учун Wikileaksга тақдим этган. Бу Россия ҳукумати раҳбарияти, шу жумладан, шахсан Владимир Путин томонидан берилган топшириқ бўлган", — деб айтган Клинтон.
Клинтоннинг айтишича, расмий Кремль шу тариқа АҚШдаги президентлик сайловлари натижасига таъсир ўтказиш ниятида. "Трамп Америка президенти бўлиши учун шундай қилиняпти", — деб қўшимча қилди Клинтон.
"Ҳа, бу ҳеч кимга сир эмас, у (Путин демоқчи, таҳр.) АҚШ президенти постида сени ўз ўйинчоғига айлантирмоқчи", — деди Клинтон Трампга мурожаат қилар экан.
Яна совуқ хайрашув
Сиёсатчилар Трампнинг аёлларга хиралик қилгани ҳақида ҳам эсга олдилар. Клинтон ўз рақиби аёлларни оёқ ости қилишини айтиб, Трампни "Америка тарихида президентликка интилаётган энг хавфли номзод" деб атади.
"Аёлларнинг мен ҳақимдаги гаплари — қуруқ туҳмат. Бу Клинтоннинг пасткашларча олиб борилган кампанияси натижаси эканига шубҳам йўқ. У (Клинтон) ўз шахсий серверидан 33 минг дона мактубни йўқ қилди. Бу жиноят. Бизнинг Федерал Разведка Бюромизга нима бўлган, билмайман… У минглаб маротаба одамларни, конгрессни, ФРБни алдаган. У, эҳтимол, қамоққа олинар ҳам, аммо кўриб турганингиздай президентлик учун курашмоқда. Бунга қандай изоҳ бериш мумкин?", — дея ҳайратланди Трамп ва ўз рақибасини "қаҳри қаттиқ аёл" деб атади.
Миллиардер, шунингдек, "агар ютқазадиган бўлсангиз, сайловлар натижасини тан оласизми?" деган саволга жавоб беришдан бош тортди. "Вақти келса мен бу саволингизга жавоб бераман", — деди у телебошловчи томонидан берилган саволга жавобан.
"Мамлакатдаги етакчи икки партиядан бирининг вакили бўла туриб, бундай позицияни билдириш… Мен ҳайратдаман", — дея изоҳ берди Клитон Трампнинг бу сўзларига жавобан. Хиллари шунингдек, миллиардер "Америка демократиясига доғ туширяпти", — дея қўшиб қўйди.
Айтишувдан сўнг Клинтон ва Трамп яна бир-бирининг қўлини сиқишдан бош тортишди. Трамп то Клинтон залдан чиқиб кетмагунга қадар жойидан жилмади.
Ким ғолиб?
Дебатларда ким ғолиб бўлгани борасида журналистлар фикри иккига бўлинди. CNN томонидан ўтказилган сўров, телетомошабинларнинг 52%и Клинтонни, 39%и эса Трампни қўллаб-қувватлашини кўрсатди.
Washington Times муштарийларининг 74%и эса Трамп учун овоз беришган, Хилларини 21% муштарий қўллаб-қувватлаган.