Оқ Уй учун жанг: Трамп ва Клинтоннинг дебатлардаги илк "муштлашуви"

© REUTERS / Joe RaedleАҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Хиллари Клинтон
АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Хиллари Клинтон - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бу дебатларни тарихий деб аташ мумкин, негаки, бир томондан собиқ "биринчи хоним", яъни аёл киши Оқ Уй раҳбарлигига даъвогарлик қилаётган бўлса, иккинчи томондан - ҳеч қачон сайлов йўли билан амал курсисига эга бўлмаган миллиардер унга рақобатни ташкил қилмоқда

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. АҚШдаги сайлов кампанияси душанба куни кечқурун ўз финал босқичига ўтди — демократ Хиллари Клинтон ва республикачи Дональд Трамп юзма-юз дебатларда илк бор бир-бирини "савалашга" муяссар бўлдилар.

Дональд Трамп ва Хилари Клинтон - Sputnik Ўзбекистон
Трамп ёки Клинтон: машҳурлар кимни танлайди
Ҳозирча деярли бир хил кўрсаткичга эга бу икки сиёсатчи АҚШ ташқи ва ички сиёсатига доир турли масалалар юзасидан деярли бир ярим соат вақт мобайнида тўхтовсиз баҳс олиб бордилар. Энг қизиғи, Россия мавзуси дебатлар давомида бир неча марта тилга олинди: Клинтон Москвани навбатдаги бор хакерлик ҳужумларида айблаган бўлса, Трамп унга жавобан бу нарса исботланмаганини айтди. Шунингдек, у ўз нутқи давомида Россия ядро потенциали АҚШникидан устунлигини таъкидлади.

Президентликка номзодларнинг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини текширувчи мутахассислар, иккала сиёсатчи теледебатлар давомида жуда кўплаб маротаба ноаниқликларга йўл қўйишгани ва фактларни бузиб кўрсатишгани, яъни фириб берганини фош қилдилар. Матбуот Республикачи Трампни нотўғри таъкидларни кўп айтгани учун аёвсиз танқид қилди. Аммо буларнинг барчасига қарамай, Трамп ҳам, Клинтон ҳам 8 ноябр, — президент сайлови бўлиб ўтгунга қадар енг шимариб жанг қилишга тайёрлигини намоён этдилар.

Иқтисод барча учун

Теледебатлар иккала сиёсатчининг дастурлари ҳақида қисқача маълумот беришдан бошланди ва шундан сўнг Трамп ва Клинтон иқтисод мавзусига юзландилар.

"Биз барча ва ҳар бир киши учун ишлайдиган иқтисодни қад ростлашимиз зарур", — деб гап бошлади Клинтон хоним ва америкаликларга "ўсувчи даромадли яхши иш жойлари"ни яратишга, энг кам иш ҳақи миқдорини оширишга ҳамда меҳнат билан банд аёлларга тенг ҳақ тўланишга эришиш ваъдасини берди.

Шунингдек, Клинтон ўз чиқиши давомида солиқ кодексидаги "туйнукларни" ёпиш орқали корпорациялар кўпроқ солиқ тўлашларига эришиш ва бу орқали иқтисодни янада адолатли қилиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

Трамп ҳам бўш келмади дарҳол ўз таклифини илгари сурди — у солиқлар миқдорини кескин пасайтириш орқали АҚШдан "қочиб кетаётган" компанияларни орқага қайтариш мумкинлигини айтди.

"Мен ўз режамга мувофиқ, катта ва кичик бизнес компаниялари учун солиқларни — 35%дан 15 %га туширмоқчиман. Бу орқали Рейган (1980 йй АҚШ президенти Рональд Рейган демоқчи, таҳр.) давридан бери гувоҳи бўлмаганимиз — иш ўринларининг ошишига эришиш мумкин", — деди у.

Сўнг иккала томон бир-бирларининг режаларини танқид қилишга киришдилар.

Миллиардер Дональд Трамп - Sputnik Ўзбекистон
Миллиардер Трамп Осиё Обамага кўрсатган "илтифот"дан ғазабда
"Дональд томонидан таклиф қилинаётган режа, — тизиллаб отилаётган бойлик иқтисодидир, унинг ҳатто, экстремал кўриниши, дейиш мумкин. Америка тарихида илк маротаба элита учун солиқлар йирик миқдорда "кесиб" ташланган бўлади", — Клинтон Трампнинг "солиқларни кескин пасайтириш" режасига шу тариқа изоҳ берди.

Трамп Клинтонга жавобан у 30 йил давомида АҚШ иқтисодиётида мавжуд муаммоларга ечим излаб, топа олмаганини иддао қилди. "Сиз бу билан 30 йил мобайнида шуғулланиб келгансиз, нима учун айнан ҳозир муаммолар ечими сизни қизиқтириб қолди", — деган савол билан юзланди Клинтонга Трамп.

Ўз турмуш ўртоғи, президент Билл Клинтоннинг муваффақиятлари ҳақида оғиз очган Хилларига жавобан Трамп собиқ давлат раҳбари томонидан Шимолий Америкада имзоланган "эркин савдо тўғрисида"ги шартнома Америка тарихидаги "энг ёмон" келишув бўлганини ва у америкаликлар ҳаёти ёмонлашувига олиб келганини эслатиб қўйди.

Миллиардер, гап орасида амалдаги Оқ уй раҳбари Барак Обама ҳақида эслаб ўтишни ҳам унутмади. "Обаманинг келажаги АҚШникидан фарқли ўлароқ осуда кечади", — деди Трамп.

Америкалик миллиардер Дональд Трамп. - Sputnik Ўзбекистон
Трамп: АҚШга “болалар” керак эмас
"Обама кетган куни, у ҳаётининг қолган қисмини голф майдонида ўтказиш учун кетган куни, улар (АҚШ Федерал захира тизими, таҳр.) ставкаларни кўтаришади, ва шунда ўта ёмон нарсалар бошланишига гувоҳ бўласизлар. АҚШ Федерал захира тизими ўз ишини бажармаяпти, у собиқ давлат котиби Клинтондан ҳам кўра кўпроқ "сиёсатлашган", — деди Трамп Обаманинг севимли хоббисига писанда қилган ҳолда.

Томонлар бир-бирига "тош отиш" мақсадида анъанавий мавзуларни ҳам эътибордан четда қолдирмадилар. "Сиз қачон солиқ ҳақидаги декларациянгизни оммага эълон қиласиз?", деган саволга Трамп: "Қачонки Клинтон Давлат котиби бўлиб ишлаган даврида ўз шахсий серверидан юборган электрон мактубларни оммага ҳавола қилганда", — дея жавоб қайтарди. Хиллари Клинтон бу унинг хатоси бўлганини тан олиб, бошқа ҳеч қачон бундай қилмаслигини айтди ва бу мавзуни ёпди.

Дунё полициячиси

Тўрт йил давомида АҚШ давлат котиби лавозимини эгаллаган Клинтон ташқи сиёсат мавзусида ўз тажрибаси нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳазаларини билдирди. Аммо Трамп ўз рақибининг фаолиятидан ҳам навбатдаги танқид учун "мўлжал" сифатида фойдаланди.

НАТО байроғи - Sputnik Ўзбекистон
НАТО собиқ бош котиби АҚШни “жаҳон полициячиси” бўлишга чақирди
"Биз Эрон ядро дастурига нуқта қўйдик. Мана буни дипломатия деса бўлади. Ахир биз бошқа давлатлар билан ўзаро фаолиятни йўлга қўйдик, коалиция туздик", — деди Клинтон.

Трамп ўз навбатида, Яқин Шарқдаги вазият ҳақида гапирар экан, 2003 йилда рўй берган Ироққа ҳарбийларни киритиш ҳаракатларига ҳамиша қарши бўлганини айтди. Унинг фикрича, АҚШ президенти Барак Обаманинг бу ҳаракатлари минтақада "вакуум"ни ҳосил қилган. "Мен бу ҳаракатлар (Ироққа бостириб кириш, демоқчи, таҳр) нақадар даҳшатли, аҳмоқона эканлиги ҳақида мудом таъкидлаб келганман. Бу минтақада тинчлик бузилишига, унинг ностабиллашувига олиб келиши муқаррар эди ва шундай бўлди ҳам", — деди Трамп.

Трамп, шунингдек, Клинтон тўхтовсиз гапириб келадиган АҚШ иттифоқдошларини ҳам "қуруқ қўймади".

"Биз дунё полициячиси бўлолмаймиз, бизларга тўланиши керак бўлган тўловни тўламас экан, дунё бўйлаб мамлакатларни ҳимоя қилолмаймиз", — деди Трамп ҳамда НАТО Яқин шарқда террорчиликка қарши курашда иштирок этиши кераклигини таъкидлади.

Бундан ташқари, миллиардер, АҚШнинг ядровий ҳукуматлигини шубҳа остига қўйди.

"Россия ўз имкониятларини кенгайтирмоқда, уларда янгидан-янги имкониятлр пайдо бўлмоқда, биз эса янгиланмаяпмиз", — деди республикачи.

Трамп "ядровий таҳдидни энг катта таҳдидлардан бири" деб атади ва бу каби қурол-аслаҳалардан тўлиқ воз кечиш тўғри қарорлигини таъкидлади. Аммо президент этиб сайлангудек бўлса, ядро дастуридан биринчи бўлиб воз кечмаслигини маълум қилди.

"Агар ядро қуроли ишга тушса, бу тамом дегани, аммо шу билан бирга биз тайёр бўлишимиз даркор, дастурхондан ҳеч нарсани олиб ташлаш керакмас", — деди у.

Реал виртуал таҳдидлар

Сиёсатчилар реал таҳдидлардан виртуал таҳдидлар мавзусига ўтдилар. Клинтон дарҳол бу мавзудан Россияни айблаш ҳамда Трампни бу борада унга "ҳамтовоқлик" қилаётганда айблаш учун фойдаланди.

Клитонга кўра, Трамп россиялик хакерларнинг Америка компьютер тизимига нисбатан уюштирадиган ҳужумларини мудом қўллаб-қувватлаб келади.

АҚШ Конгрессига хакерлар ҳужум қилди
"Россия президенти Владимир Путин бу ерда ўта шавқатсиз ва давомли ўйин олиб бормоқда. Путин — давлат ва шахсий файлларни, Демократик партия миллий қўмитаси сайтини бузиб киришлари учун кибербўшлиққа хакерларни чиқариб юборди. Бу Россиянинг маълумот тўплаш учун энг севиб ишлатиладиган усули эканлигидан яқиндагина хабар топдик. Биз Россия, Хитой, Эрон ва яна кимларгадир: бизнинг имкониятларимиз улканроқ эканлигини тушунтириб қўйишимиз даркор. Биз ўзга давлатлар бизнинг маълумотларимизга "ов" қилаётган вақтларида қўл қовуштириб ўтирмаймиз", — деди Клинтон.

Трамп шу ерда АҚШ Демократик партияси Милий қўмитасига қилинган хакерлик ҳужумлари ортида кимлар тургани ҳали номаълумлигини айтди.

"Менинг фикримча, Демократик партия Миллий қўмитасини бузганлар айнан Россия эканлигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бу ишни Россия қилганми, ҳеч ким билмайди. Сиз тўхтовсиз: "Россия, Россия, Россия" деяпсиз. Лекин мен бундай деёлмайман. Ахир Хитой бўлган бўлиши ҳам мумкин-ку, ёки бўлмаса бошқалар… Диванда ўтирган 200 килограмм вазнга эга бирорта одам ҳам шу ишни қилган бўлиши мумкин. Сиз ҳам аниқ билмайсизку бу ишни ким амалга оширганини", — деди Трамп.

Трамп шу ерда, АҚШ Демократик партияси Милий қўмитасига қилинган ҳужум оқибатида партия президентликка ўз номзодини қўйган яна бир демократчи — Берни Сандерсга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлингани фош бўлганини эслатиб ўтди.

"Ҳақиқат шуки, Обама даврида биз аввал назоратда бўлган нарсалар устидан назоратни йўқотдик", — деди Трамп интернет-технологияларни назарда тутган ҳолда.

Шахсга ўтиш

Иккала томоннинг давлат дастурлари муҳокама қилиб бўлингач, сиёсатчилар, бир-бирларининг афзал томонлари ва камчиликларини санаб ўтишга киришдилар.

Хусусан, Клинтон Трампни тажрибасизликда айблади — "тадбиркор, фақат бир йил олдин сиёсатга кириб келган", — дея изоҳ берди у ўз сиёсий рақибига. Хиллари ўзи ҳақида гапирар экан фахр билан АҚШ давлат котиби сифатида 12 давлатда бўлгани ва ташқи сиёсатда етарлича тажрибага эгалигини айтди.

Трамп унга жавобан: "Тўғри, Клитон тажрибага эга, лекин у тажриба — ёмон тажриба" деди ва "Биз яна тўрт йил бундай "тажрибачига" дош беролмаймиз", — деб қўшимча қилди.

АҚШ президентлигига номзод Хилари Клинтон ва АҚШ президенти Барак Обама - Sputnik Ўзбекистон
Хиллари Клинтон Трамп АҚШ президенти бўлишга яроқсиз, деб айтди
Хиллари шундан сўнг Трампни ирқчиликда айблади ва бунга миллиардернинг "Обама АҚШда эмас, Африкада туғилган" деган гапини мисол келтирди. Бунга жавобан Трамп ўз рақибига "Сизда балки Рим Папасидан ҳам ҳолиёр бўлиш истаги туғилгандир" дея мурожаат қилди ва 2008 йилдаги сайловолди кампанияларда ҳозирги АҚШ президентини қандай қилиб ёмонлаганларини эслатиб ўтган ҳолда сиёсатчи аёлни Обамага нисбатан иккиюзламачиликда айблади.

Хиллари эса ўзининг оламшумул ҳатти-ҳаракатлари билан машҳур рақибини жинсий дискриминацияда айблади.

"У аёлларни чўчқа, ақлсиз ва итлар деб камситган", — деди Хиллари. Унинг сўзларига кўра, миллиардер ўз чиқишларининг бирида лотин америкалик бир аёлни "уй хўжалиги хоними" деб атаган.

Клинтон ўша аёл, албатта, ноябр ойида президент сайловларида иштирок этишини маълум қилди. Трамп Клинтон томонидан айтилган барча айбловларни рад этди ва ўзининг доно сиёсатчилигини иддао қилди.

"Мен Клинтондан кўра мулоҳазакорроқман — бу борада гап бўлиши ҳам мумкинмас. Қолаверса, темпераментим ҳам уникидан яхшироқ", — деди Трамп ва бу гапи билан залда кулги кўтарилишига сабаб бўлди.

Миллиардер Дональд Трамп. - Sputnik Ўзбекистон
Дональд Трампнинг энг ёрқин иборалари
Эътиборли жиҳати, тили ўткир республикачи ушбу дебатларда аввалгидан фарқли ўлароқ ўз рақибасига нисбатан "товламачироқ" деган таърифни бирор маротаба ҳам ишлатмади. Маълумотларга кўра, у душанба куни бу борада ўз тарафдорлари билан маслаҳатлашган ва афтидан, улар Трампга бутун Америкага намойиш қилинадиган теледебатларда бундай сўзларни ишлатмасликни маслаҳат беришган.

Хуллас, ҳар бир номзод дебатларни ўзига хос услубда ўтказди, деб айтиш мумкин, Трамп тез ва қатъийлик билан гапирди ва дебатлар давомида Клинтоннинг гапини бир неча маротаба бўлиб ташлади. Клинтон эса паузалардан унумли фойдаланди ва ўртага жимлик чўкиши билан ўзининг кулгили изоҳларини айтиб турди. Иккала сиёсатчи ҳам ўз чиқишлари давомида ўзларини дадил тутишга ҳаракат қилдилар, собиқ давлат бош котибининг "президент бўлишга тайёрман" деган гапи эса ҳатто залда чапак чалинишига сабаб бўлди.

Гарчи дебат ташкилотчилари қатнашчилардан сиёсатчиларнинг фикри бўлинмаслиги учун ўз ҳиссиётларини жўшқин намойиш этмасликни (чапак чалмасликни) сўраган бўлсалар-да, чапак чаладиганлар барибир топилди.

Натижада, олиб борувчининг сайи-ҳаракатлари туфайли дебатлар кўтаринки руҳда якун топди: Трамп агар ўз рақибаси ғалаба қозонгудек бўлса, уни қўллаб-қувватлашини айтган бўлса, Клинтон америкаликлар танловини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

"Мен унинг ғалаба қозонишига ишонмайман. Аммо агар у ғолиб чиқса, мен уни тўлиқ қўллаб-қувватлайман", — деб айтган республикачи Трамп.

Клитон, ўз навбатида, худди шундай саволга "демократияни ва сайловлар якунини қўллаб-қувватлашини" маълум қилган.

Дональд Трамп ва Хилари Клинтон - Sputnik Ўзбекистон
30 йилдан буён адашмаган сиёсатчи ким АҚШ президенти бўлишини айтди
Дебатлар якунида худди бошланишида каби сиёсатчилар бир-бирларининг қўлларини сиққанлар, Трамп эса, ҳаттоки, Клинтоннинг елкасига дўстона қоқиб қўйган.

Ҳозирда сиёсатчилар ўртасида ўз танловларини аниқ белгилаб олмаган сайловчилар овози учун кураш кетмоқда. Сиёсатчилар бу гуруҳ америкаликларни ўз томонларига оғдиришга қанчалик муваффақ бўлишгани тез кунда ўтказиладиган умуммиллий сўровларда аён бўлади. Одатда, уларни ўтказиш учун бир неча кун сарфланади. Бу орада яна бир неча раунд дебатлар ўтказилади, улар давомида Оқ Уйнинг бўлғуси хўжайини аниқланиши, шубҳасиз.

Янгиликлар лентаси
0