ТОШКЕНТ, 19 окт – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ борасида фикр алмашишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида хабар берилмоқда.
Кувайт Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ташкил этилган 43-сессиясида иштирок этмоқда. Ушбу тузилмага раислик Кувайт Давлатидан Ўзбекистон Республикасига ўтди.
"Учрашувда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди", — дейилади хабарда.
Хабарда билдирилишича, комиссияга икки томондан ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинлангани Ўзбекистон ва Кувайтнинг катта интилиш ва алоҳида иштиёқ билан ишга киришаётганидан далолат беради.
Учрашувда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётгани таъкидланди. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 60,6 миллион АҚШ долларига тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларида 72,5 миллион долларлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.
Томонлар Ўзбекистон ва Кувайтнинг қатор минтақавий ва халқаро масалаларга ёндашув ва қарашлари ўхшаш, кўп жиҳатдан бир-бирига яқинлигини, икки давлатнинг долзарб муаммоларни ечиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига қараши бир хил эканлигини эътироф этдилар.
Учрашувда муносабатларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида турли даражаларда, жумладан, олий даражада ўзаро ташрифларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Кувайтга бўлажак ташрифи бу борадаги келишувларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлиши қайд этилди. Шавкат Мирзиёев фурсатдан фойдаланиб, Кувайт Давлати Амирини Ўзбекистонга таклиф қилди.