ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. МДҲ давлатларининг терроризмга қарши биргаликдаги ўқув машғулотлари 2017 йилда Тожикистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда МДҲ антитеррор маркази раҳбари Андрей Новиков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, машғулотларда халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан ижтимоий тармоқларда олиб бораётган тарғибот фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш бўйича Ҳамдўстлик мамлакатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлигига эътибор қаратилади.
"Бизнингча, машғулотлар нафақат Ҳамдўстлик давлатлари куч тизимларининг тайёргарлик даражасини намойиш этади, балки кенг миқёсдаги огоҳлантирувчи-профилактик тадбирга ҳам айланади", — деди у.
Новиков машғулотлар келаси йилнинг май-июн ойларида ўтказилишини билдирди. Машғулотларнинг ўтказилиш жойи эса геосиёсий вазият ва Марказий Осиё минтақасида террор хавфининг юқори даражада сақланиб турганлигидан келиб чиқиб танланган.