ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik, Мария Шелудякова. Илмий билимнинг баҳосини аниқлаш осондек туюлса-да, аслида ундай эмас. Тасвирларни ёзиш ва намойиш этишнинг энг яхши тизимини кашф этган ака-ука Люмьерлар, масалан кинематографиянинг келажагига ишонишмаган, конструктор Оливер Эвансга эса унинг ғояси бемаъни хаёлот дея паровоз учун патент беришмаган.
Нобел қўмитаси ҳар йили фаннинг турли йўналишларидаги юзлаб олимлар ичидан энг муносибларини танлаб олади ва бу танлов қисман илмий фикрлаш қайси томонга қараб кетаётганлигини ҳамда келажакка назар ташлашга имкон беради.
Нобел қўмитасининг 2016 йилдаги танлови XXI аср фани ҳақиқатан ҳам амалий билимлар томон интилаётганини кўрсатди. Амалиётда қўлланилиши мумкин бўлган ва яқин вақтларда технология қандай бўлишини кўрсатувчи тадқиқотлар ўтказаётган олимлар танлаб олинди.
Аксарият инновацион ғоялар номақбул вақтда пайдо бўлгани боис амалиётда қўлланмай қолиб кетади. Нобел мукофотининг олиниши эса қайд этилган тадқиқотлар натижалари ҳаётга татбиқ этилишини билдиради.
2016 йилги Нобел лауреатларининг танланиши асосида бир хулосага келиш мумкин – инновацион кашфиётлар молекуляр даражада амалга ошмоқда.
Физика: квант компьютерлари
Америкалик Жон Майкл Костерлиц, Дэвид Тулесс ва британиялик Дункан Хэлдейн модданинг "антиқа" шаклини ўрганганлари учун физика бўйича Нобел мукофотини олишди. Олимлар турли агрегат ҳолатларда модда хусусиятларининг ўзгаришини тадқиқ қилдилар.
Улар модданинг топологик ўтишлари ва фазаларини ўргандилар ҳамда бу билан модда ғайриоддий шаклда бўлиши мумкин бўлган "номаълум дунёнинг эшигини очдилар".
Лауреатлардан бири Дункан Хэлдейн мукофот олганидан ҳайратдалигини билдирди: "Ушбу мавзу бўйича 80-йиллар охирида иш бошлаган вақтимда бундан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ўйламагандим". Айни пайтда экспертлар моддалар ҳақидаги бу билимдан электрониканинг янги авлоди бўлмиш квант компьютерларни яратишда фойдаланилиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.
Химия: энергия сақлашнинг "молекуляр" тизимлари
Химия бўйича 2016 йилги мукофотга голланд Бернард Феринг, француз Жан-Пьер Соваж ва шотланд Жейм Фрейзер Стоддартлар сазовор бўлишди. Улар молекуляр машиналарни ўйлаб топишди ва яратишди. Химиклар молекулалардан конструктор қисмлари сифатида фойдаланишди ва улардан митти қурилмалар яратишди.
Жан-Пьер Соваж молекуляр архитектураларнинг ўзаро механик блокировкаси соҳасида кашшоф ҳисобланади. Нобел қўмитасининг хабарида айтилишича, техникани мўъжазлаштириш борасидаги тадқиқотлар химияни янги ўлчамга олиб чиқди ва тез орада ҳақиқий инқилоб юз беради.
Молекуляр машиналар ҳаттоки микроскопда ҳам кўринмайди. Шубҳасиз, бу техникадаги янги сўз – бундай машиналар энергия сақлаш учун узатма ва тизимлар, янги материаллар яратишда керак бўлади.
Биология: Паркинсон калити
Нобел мукофотига сазовор бўлганлиги ҳақида биринчи бўлиб япон биологи Есинори Осуми эшитди. У аутофагия — "ҳужайра ичидаги ахлатни йўқотиш" механизми учун мукофотни қўлга киритди.
Эътиборлиси, 2011 йилдан буён тиббиёт ва физиология соҳасида мукофот бир кишига берилмайди – илмий қизиқишлари бир соҳада бўлган бир неча биологи ҳар доим топилади. Осуми оммабоп бўлмаган муаммога қўл урганди ва адашмади. Дарвоқе, кейинги ўн йилда бу мавзудаги ишлар сони юз бараварга ошди.
1980-йиллар охиридан Осуми ҳужайралар кераксиз молекулалардан қандай қутулишини билишга уринарди. Биолог бошқа ҳужайраларнинг ярим парчаланган қисмлари жойлашган лизосома деб номланувчи махсус органоидларни ҳамда аутофагосома – ҳужайранинг кераксиз қисмларини ташувчи "аравача"ларни аниқлади.
Бу кашфиёт медицинадаги кўплаб жиддий муаммоларни ечиш имконини беради.
"Ўзини ейиш" ҳужайраларга заҳира етишмаслигини тўлдиришда ёрдам беради – улар ўз энергия заҳираларидан фойдалана бошлайди. Оқибатда ушбу жараённи тўхтатиш орқали шишнинг заҳираларини тугатиб, унинг ўсишига барҳам бериш мумкин.
Бундан ташқари Осумининг кашфиёти Паркинсон ва Альцгеймер касалликларини яхшироқ ўрганиш имконини беради. Бу касалликлар асаб ҳужайраларида мураккаб протеинларнинг тўпланиши сабабли ривожланади – аутофагосома ва лизосомалар уларни йўқотиб улгурмайди.
Иқтисодиёт: реал бизнес учун назария
2016 йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотини британиялик иқтисодчи Оливер Харт "Шартномалар назариясига қўшган ҳиссаси учун" олди. Ушбу назария билан бирга унинг тадқиқотлари фирмалар назарияси, корпоратив молия ва ҳуқуқ иқтисодиёти муаммоларини ҳам ўрганади.
Шартномалар назарияси соҳасидаги тадқиқотларини Харт микроиқтисодий назариётчи Бенгт Хольмстрем билан бирга олиб борди.
Олимлар реал ҳаётда учрайдиган шартномаларни англаш учун янги назарий йўлларни ишлаб чиқишди. Уларнинг тадқиқотлари банкрот ҳақидаги қонунчилик учун асос бўлди.
Замонавий иқтисодиётсаноқсиз шартномалардан иборат ва янги назарий йўллар уларнинг асл мазмунини аниқлаш ва шартнома тузишда хатога йўл қўймаслик имконини беради.
Тинчлик мукофоти: сиёсий уриниш
Аксарият сиёсатшунослар Нобел қўмитаси жаҳон сиёсатига таъсир кўрсатишга уринаётганлигини айтишмоқда, лекин бу жудаям содда хоҳиш.
Тинчлик мукофотига 2016 йилда Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос "мамлакатдаги ярим асрдан ортиқ давом этаётган фуқаролик урушини тўхтатишга бўлган ҳаракатлари" учун олди. Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш президиуми раиси Федор Лукьянов РИА Новостига Колумбия президентига тинчлик мукофотининг берилиши ҳеч кимни хафа қилмайдиган муросавий ҳаракат эканлигини айтди.
"Бу яна бир ғалати қарор, жаҳон сиёсатига таъсир этишга оддийгина уриниш. Шу заҳоти 2012 йилда Евроиттифоқ ушбу мукофотга сазовор бўлгани ёдимга тушди. ЕИ ҳақиқатан ҳам тинчлик мукофотига лойиқ эди, лекин фақат 2012 йилда эмас, балки 1958 йилда, Европанинг буюк ютуқларидан бири бўлган мазкур лойиҳа иш бошлаган пайтда", — дейди Лукьянов.
Адабиёт устидан суд
Энг кўп мунозаралар адабиёт бўйича Нобел мукофоти топширилганидан кейин бўлди. Қўмита жаҳоннинг энг машҳур ва унвондор мусиқачиларидан бири Боб Диланни 2016 йилги ғолиб сифатида эътироф этди. Лекин кўпчилик бир фикрда – адабиёт мукофотининг чегаралари кенгаймоқда.
Нобел мукофотини беришга масъул швед академияси адабиёт соҳасида андозалардан воз кечиш йўлидан бормоқда. Қўмита танловига Боб Диланнинг шеърияти масалан Габриэл Гарсиа Маркес ижоди олдида Нобел мукофотига "тортмаслигини" таъкидлайдиганларнинг эътирозига сабаб бўлди. Бироқ швециялик академиклар адабиёт соҳасидаги Нобел мукофотининг обрўсини қайта тикладилар дея ҳисоблайдиганлар ҳам топилади.