ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бугун Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Мадани билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги доирасида 18 октябр куни Тошкент шаҳрида очиладиган ТИВКнинг 43-сессияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида вазирлар учрашуви кун тартиби ва амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда бўлажак форумни муваффақиятли ўтказишдан икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидланди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо 26 давлатнинг ташқи ишлар вазирлари ИҲТ ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 43-сессиясида иштирок этишларини маълум қилишган.
ИҲТ 1969 йил сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун ташкил этилган. 2011 йилга қадар у Ислом конференцияси ташкилоти номи билан аталган. ИҲТга 57 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган. Россия 2005 йилдан буён ташкилотда кузатувчи мақомига эга.