ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Евроиттифоққа аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари душанба куни Ҳалабдаги вазиятни ўзгартириш учун Сурия ва Россияга босим ўтказишнинг барча кўринишларини муҳокама қиладилар, деди Франция ТИВ раҳбари Жан-Марк Эйро, РИА Новости хабарига асосан.
"Биз бугун Башар Асад режими ва унинг иттифоқчиларига нисбатан босимни кучайтиришнинг барча кўринишларини муҳокама қиламиз. Биз Россияни қамраб олувчи БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишини ташкил қилдик. Лекин давом этишимиз лозим, босим кучли бўлиши даркор. ЕИ ўзининг бирдамлиги ва қатъийлигини қанчалик кўрсата олса, ахлоқий талаблар масаласида, яъни ҳалаб халқининг қирғинбароти масаласида шунчалик олдинга силжиймиз", — деди вазир журналистларга ЕИ давлатлари ТИВ раҳбарлари йиғилишидан олдин.
Илгарироқ Россия президенти Владимир Путин Украина ёки Сурия сабабли Россияга қарши санкциялар қўллаш орқали муаммоларни ечиб бўлмаслигини, бу шунчаки Россияни ва унинг ривожланишини сиёсий жиҳатдан ушлаб туришгина бўлишини билдирганди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл Сурия масаласи бўйича Россияга нисбатан санкция киритишга асос кўрмаётганини, Россия ушбу давлат ҳудудида терроризмга қарши қонунан кураш олиб бораётган ягона мамлакат эканлигини айтди. Ўз навбатида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Суриядаги вазият сабабли Россияга нисбатан санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, соғлом фикр устунлик қилишига, ҳамма нарсада Москвани айблаш истаги бўлмаслигига умид билдирди.