ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жума куни бўлиб ўтган қурултойида Президентлик сайловларида иштирок этиши учун партия марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини тасдиқлади, деб хабар берди партия вакили РИА Новостига.
Иккинчи сентябр куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Президентлик сайловлари 4 декабр куни бўлиб ўтади.
"Бугун Ўзбекистон ХДП қурултойида Президентлик сайловларида иштирок этиш учун Ҳотамжон Кетмонов номзоди бир овоздан тасдиқланди", — деди агентликка суҳбатдош.
Унинг айтишича, тез орада партия Марказий сайлов комиссиясига номзод рўйхатга олиниши учун у ҳақдаги маълумотларни тақдим этиши лозим. Сайлов қонунчилигига мувофиқ, номзод рўйхатга олиниши учун сиёсий партия жами сайловчилар умумий сонининг 1 фоизи (214 минг 350 нафар сайловчи) имзоси қўйилган имзо варақаларини тақдим этиши керак. Президентликка номзодларни рўйхатга олиш 30 октябрда якунланади.
Ҳотамжон Кетмонов 47 ёшда, Андижон вилоятида туғилган, миллати ўзбек. Мутахассислиги рус тили ва адабиёти ўқитувчиси. 2004-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган. 2013 йилдан буён Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатда рўйхатдан ўтган тўртта сиёсий партияга президентлик сайловида иштирок этиш учун рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилди. Булар Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидир.