ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. 5 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида Ким Ин Шик раҳбарлигидаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги делегацияси билан музокаралар ўтказилганди, деб хабар беради "Жаҳон" АА. Учрашувда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Квон Енг У, "Hyundai Engineering Co. Ltd." компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сонг Донг Жун ҳам қатнашди.
Учрашувда меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлик учун кореялик ҳамкорларга миннатдорчилик билдириб, Корея компаниялари билан биргаликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиётида замонавий ва юқори ҳақ тўланувчи корхоналар ташкил этилиши мисолида ўз аксини топаётганлигини эътироф этди.
Иш билан банд бўлмаган аҳолини, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш ва қайта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон меҳнат вазирлиги KOICA ҳамкорлигида "Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш" лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида республиканинг турли ҳудудларида касбий таълим марказлари ташкил этилмоқда.
Бу йўналишда 2012 йилда Корея ҳукуматининг беғараз гранти асосида ташкил этилган Тошкентдаги касбий таълим маркази "биринчи қалдирғоч" ҳисобланади. Бу ерда шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ ёшлар таълим олдилар ва юқори маош тўланувчи ишларга жойлашдилар.
Ушбу ҳамкорликнинг самараси натижасида август ойининг охирида Самарқандда иккинчи касбий таълим маркази қуриб битказилди ва 26 сентябр куни 240 нафар ўқувчини қабул қилди. Мазкур марказда автомобиллар диагностикаси ва техник хизмат кўрсатиш, машинасозлик технологияси ва чилангарлик, электроника ва электротехника, ахборот тизимлари ва технологиялари йўналишларида малакали мутахассислар тайёрланади.
Таъкидлаш керакки, ушбу марказларнинг битирувчилари ўқишни тамомлаганларидан сўнг ўз мутахассисликлари бўйича илгаритдан тузилган шартномалар бўйича тегишли корхоналарга ишга жойлашадилар.
Ўқув марказларининг ўқитувчи ва касбий таълим усталари Кореядаги етакчи техника университетлари профессорлари иштирокида танлаб олинган. Ўқитувчи ва усталарнинг маълум бир қисми Жанубий Корея профессионал таълим ва технологиялар университетида малака оширдилар.
Учрашувда иштирок этган "Hyundai Engineering Co. Ltd." компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори икки мамлакат ҳамкорлигига ва республикада кенг миқёсда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлиги, "Hyundai Engineering Co. Ltd." компанияси ва KOICA ўртасида касбий таълим марказлари битирувчиларининг "Hyundai Engineering Co. Ltd." компанияси корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётларини ўташлари ҳамда ишга жойлашишларини ташкил этиш, замонавий ўқув қўлланмалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, етук кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ маълумотларни алмашиш, касбий таълим марказларининг самарали фаолият кўрсатиши учун инсоний ва моддий ресурсларни жалб этиш бўйича меморандум имзоланди.
Айни пайтда Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ Шаҳрисабз шаҳрида касбий таълим марказини ташкил этиш бўйича иш бошланган бўлиб, бундай марказларни Урганч ва Қўқонда ҳам ташкил қилиш режалаштирилган.