ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази иш бошлади, деб хабар беради uz24.uz.
Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) президенти Ким Ин Шик раҳбарлигидаги делегация Самарқандга келди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев, меҳнат вазири А.Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Ким Ин Шик Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва KOICA ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган ''Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш'' лойиҳаси доирасида республикада касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, иш билан банд бўлмаган аҳоли меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрланмоқда.
Хабарда айтилишича, 2015 йилда Самарқанд шаҳрида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ва чилангарлик, электр ва электроника, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган марказ ташкил этиш ишлари бошланган.
Ўтган бир йил давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий архитектура талабларига тўла жавоб берадиган лойиҳа асосида ўқув-лаборатория бинолари, устахоналар, ётоқхона ва бошқа ёрдамчи бинолар қурилди.