Ўзбек божхоначилари 67,8 мингдан ортиқ беҳаё материалларнинг олиб кирилишига чек қўйишди

© Sputnik / Константин Родиков / Медиабанкка ўтишСмартфон
Смартфон - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда

ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда, деб ёзади Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Масалан, Самарқанд халқаро аэропортида Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро О.Тиллаев (барча исм шарифлар ўзгартирилган) божхона назоратидан ўтиш вақтида, унга тегишли қўл телефони кўздан кечирилганда, 72 дона беҳаё мазмундаги фото ва видеоматериаллар борлиги аниқланди.

Шаҳвоний саҳналар акс этган 200 дан ортиқ видеолавҳаларга телефонидан жой ажратган жиззахлик К.Таджиев ҳам Внуководан қайтар экан, Самарқанд аэропортида божхоначилар қаршисида уялиб қолди.

Хориждан янгийўллик В.Ольга номига юборилган почта жўнатмаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси "Бошпочтамт" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур жўнатмада беҳаёликни тарғиб этувчи 3 дона китоб юборилганлиги аниқланди.

"Челябинск-Тошкент" рейси бўйича поездда кириб келган фарғоналик Б.Аҳроров ноутбукига 370 донадан ортиқ беҳаё фотосуратларни жамлаган. Натижада, унга "Келес" темир йўл чегара божхона постида бироз "ушланиб" қолишига тўғри келди.

АҚШнинг 100 долларлик валютаси. - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда божхона ходимлари 70 минг долларнинг "учишига" чек қўйишди

"Москва-Урганч" рейси бўйича парвозини якунлаган хазорасплик Б.Кенжаевнинг қўл телефони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, унинг хотирасида 94 дона беҳаёликни тарғиб этувчи фото ва видеоматериаллар борлиги фош бўлди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларнинг республика ҳудудига олиб кирилишига қарши чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, "Ғишткўприк" божхона комплекси орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро О.Турсунов уяли алоқа воситаси хотирасида 104 дона беҳаё мазмундаги видео файлларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, мазкур комплексда божхоначилар пойтахтлик Р.Тургуновнинг телефон хотира картасида 277 дона видео ва фото материалларни олиб киришга уринганини аниқлашди.

Бухоро аэропортида Москвадан учиб келган А.Жумаевнинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефони хотирасига 173 дона беҳаё мазмундаги видеолавҳалар жойлаштирганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аёл оёқлари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда рекламада беҳаё саҳналардан фойдаланиш таъқиқланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги "Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт махсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Ўзбекистон божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 2200 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 67,8 минг донадан ортиқ турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Янгиликлар лентаси
0