Тошкентда божхона ходимлари 70 минг долларнинг "учишига" чек қўйишди

© Sputnik / Владимир Сергеев / Медиабанкка ўтишАҚШнинг 100 долларлик валютаси.
АҚШнинг 100 долларлик валютаси. - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда йил бошидан буён божхона декларациясига киритилмаган валюталарни 60 маротаба олиб чиқишга уриниш ҳолатлари қайд этилган. Йўловчилар валютани жомадонлар, ички кийим ёки қўлга олинадиган юк орасида олиб чиқиб кетишга уринганлар.

ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Натижада, жорий йилнинг дастлабки чорагида Тошкент халқаро аэропорти орқали божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 58 та божхона қоидабузарлик ҳолатларида 212 млн. сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилди, деб хабар қилмоқда Давлат божхона қўмитаси.
Жумладан, Алмати шаҳрига парвози олдидан қўшни давлат фуқароси А.Сергеева (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) божхона назорати вақтида шахсий кўрикдан ўтказилганда, чўнтагида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2100 АҚШ долларини яширганча олиб чиқишга урингани фош бўлганлиги айтилмоқда.

“Тошкент-Минск” рейси бўйича сафарга отланган пойтахтлик О.Назарова эса божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, ички кийимлари орасига яширилган 2200 АҚШ долларини олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинган.

“Омади” чопмаганлар қаторида навоийлик Т.Зафарова хам борлиги таъкидланмоқда. Пойтахтдан Екатеринбургга учиш олдидан божхона кўриги давомида ушбу аёл сумкасидаги 2400 АҚШ долларини йўловчи божхона баённомасидан атайлаб “тушириб” қолдиргани аниқланган.
«Тошкент-Франкфурт» йўналиши бўйича учиб кетишга шайланар экан наманганлик К.Кодиров белгиланган меъёрдан ортиқча валютани чўнтагига солиб, бамайлихотир ўтиб кета оламан деб ўйлаган. Аммо, унинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотган. Натижада, у 2900 АҚШ доллари билан “хайрлашиши”га тўғри келган.
Россиялик Н.Иванова ҳам таваккалнинг “каттаси”га қўл урган. Новосибирскка парвози аввалида ушбу аёлга тегишли сумка божхона кўригидан ўтказилганда, унга ноқонуний тарзда олиб чиқиш мақсадида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 4200 АҚШ доллари яширилганлиги маълум бўлган.

Бангкокка отланган бухоролик Ж.Олимова эса божхоначилар қаршисида ер чизиб қолган. Аёл 4910 АҚШ долларини йўловчи божхона декларациясида қайд қилишни “унутиб” қўйган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилаётгани хабар қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида нақд чет эл валюталари мавжудлиги ва миқдори кўрсатилиши шарт. Республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат берилган.

Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Янгиликлар лентаси
0