ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. 16 октябр куни ўтказиладиган "Шарқ бозори" йиллик ярмаркаси Ўзбекистоннинг барча бурчакларидан келган ҳунарманд ва усталарни бир жойга йиғади, деб хабар беради Next савдо-кўнгилочар мажмуаси ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
"Шарқ бозори" ярмаркаси "Усталар сайёраси" (Планета мастеров) томонидан ташкил этилмоқда. Ўтган йилги кўргазма Наврўз байрамига бағишланган ҳамда ижодий сулолалар ва мустақил муаллифларнинг юзга яқин вакилларини жамлаганди.
"Шарқ бозори" лойиҳасининг ўзига хослиги шундаки, у катталар ва болалар учун ўзига хос ижодий маҳорат дарсларига айланган. Ярмарка мавзуси амалий безак санъати билангина чекланиб қолмаган. Бу ерда ҳаттоки совун қандай тайёрланишини, гуллардан турли ўйинчоқ ва безаклар тайёрлашни ўрганиш, турли буюмларни безаш бўйича сабоқ олиш мумкин.
Кўргазма қуйидаги мавзуларда ташкил этилади:
• Ўзбек миллий буюмлари: қўғирчоқлар, либослар, шахмат;
• Уй учун аксессуарлар: панно, ёстиқлар, вазалар, хушбўй шамлар, матодан тайёрланган гуллар;
• Косметика маҳсулотлари: совун, юз парвариши воситалари, бадан парвариши воситалари;
• Сувенирлар, ўйинчоқлар, совғалар, брелоклар;
• Заргарлик буюмлари: узуклар, сирғалар, занжирлар, маржонлар,билагузуклар, тугмалар, тўғнағичлар;
• Уй учун текстил маҳсулотлари: декоратив ёстиқлар, адёллар, пардалар;
• Табиий чарм маҳсулотлари: картиналар, сумкалар, пойабзал, камар, ҳамён, ҳужжат жилдлари, фото альбомлари, соч безаклари;
• Табиий ёғоч маҳсулотлари: стол-стуллар, шамдонлар, қутичалар, нарда ва шахмат, сувенирлар;
• Гуллардан тайёрланган композиция: гуллардан тайёрланган ўйинчоқлар, гул саватлари, коллажлар, декоратив дарахтлари;
• Байрам ўйинчоқлари ва турли аксессуарлар.
Кўргазма дастуридан шунингдек, бинафша гулини парваришлаш, фанерани куйдириб расм чизиш, сопол буюмларга нақш чизиш, "Эбру" — сувда расм чизиш каби 20га яқин маҳорат дарслари ўрин олган.
Бундан ташқари, ташкилотчилар томонидан рўйхатдан ўтган барча ташриф буюрувчилар ўртасида кинотеатрга таклифнома қўйилган лотерея ўйини ўтказилади. Кўргазмага кириш бепул.