ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирида бўлиб, мамлакат сарҳадларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар учун шароитларни бунданда яхшилаш зарурлигини қайд этди.
Мутахассислар Термиз шаҳри мавзеларидан бирида кам таъминланган ва ёш оилалар учун яқин йилларда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли замонавий уйлар лойиҳалари билан таништирди.
Қишлоқ жойларда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган якка тартибдаги замонавий, ихчам уй-жойлар лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.