ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва қизлари Лола Каримова 2016 йил 10 октябр куни Тошкент шаҳрида қад ростлаган "Минор" жоме масжидини зиёрат қилишди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги сайтига таянган ҳолда кун.уз хабар берган.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов масжиднинг қурилиш тарихи, масжид сиғими, юртимизнинг турли вилоятларидан келаётган зиёратчиларнинг юртимиз ва яқинда вафот этган юртбошимиз ҳақларига қилаётган дуоларини айтиб ўтди. А.Турсунов масжиднинг қурилиши Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов жанобларининг ташабуслари билан чиройли ва кўркам ҳолга келтирилганлигини, ушбу қилинган барча ишлар таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Татьяна Каримова ва қизлари Лола Каримовалар "Минор" масжидига қилган зиёратларидан мамнун бўлганликларини билдириб, биринчи Президентимизнинг 1992 йил Умра сафарида Саудия Арабистони қироли томонидан ҳадя қилинган кисвани масжид жамоасига ҳадя қилишди. Ушбу кабапўшнинг қадри яна шу билан баландки, ушбу кисва бир йил давомида Кабайи Муаззама ичида сақланган.
Зиёрат сўнгида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиниб, руҳи покларига бағишланди. Шунингдек, зиёратчиларга "Минор" масжиди номидан эсдалик совғалар топширилди.