Ўзбекистон жаҳон экологик бўёқлар бозорига чиқади

Oбуна бўлиш
2014 йилда Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларида табиий бўёқ берувчи ўсимликлар тажриба тариқасида экилганди

ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Ўзбекистон яқин вақтлар ичида ўз тарихида илк бор хорижга текстил саноати учун экологик бўёқларни экспорт қилишни бошлайди, деб маълум қилди Sputnik Ўзбекистонга "Ўзбекенгилсаноат"даги манба.

Бу фаолият билан ўтган йили Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган Indikim Group компанияси шуғулланади.

Лойиҳани амалга ошириш ишлари 2014 йилда, "Ўзбекенгилсаноат" ва Жанубий Кореянинг Rainbow компаниялари ўртасида қишлоқ хўжалик экинларидан республика ҳудудида ва хорижда енгил саноатда фойдаланиладиган табиий экологик бўёқларни ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзоланганидан сўнг бошланганди.

2017 йилга қадар тўлиқ амалга ошадиган лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион долларга яқин. Ишлаб чиқариш тўлиқ қувват билан бошлангач, тайёрланган маҳсулотнинг 80%дан ортиғини экспорт қилиш режалаштирилган. Бу ерда 45дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

"Корхонада кенг ассортиментдаги табиий кукун ва озиқ-овқат бўёқлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун Жанубий Корея томони энг замонавий лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналарини ажратган. Бу ерда экологик бўёқ олиш услуби Кореядагидан фарқ қилмайди, бу эса маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги сифати ва рақобатбардошлигини кафолатлайди", — деди манба.

Марғилон атласи - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик тадбиркорлар 200 млн долларликдан зиёд шартномалар имзоладилар

2014 йилда Хоразм, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида табиий бўёқ берувчи ўсимликлар тажриба тариқасида экилганди. Жорий йилнинг октябрида йиғиб олинган ҳосилдан қизил, сариқ, яшил, кўк ва бошқа рангдаги бўёқлар олинади. 2016 йилнинг баҳорида ҳам 45 гектар майдонга синов тариқасида бўёқ берувчи ўсимликлар экилганди.

Шу билан бирга Rainbow компанияси Ўзбекистонда бўёқ олишни ўрганувчи ҳамда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчиларга текстил саноатида фойдаланиш учун бўёқнинг хавфсизлиги бўйича сертификат берувчи махсус илмий-тадқиқот марказини очиш ишларини олиб бормоқда.

Бундан ташқари, салоҳиятли харидорлар рўйхати ҳам аниқ бўлди. Компания сентябр ойида Москвада бўлиб ўтган Халқаро текстил саноати кўргазмасида қатнашди. Ўша кўргазмада текстил соҳасида экологик бўёқларни қўллаш бўйича тақдимот ўтказилди. Хориж ва маҳаллий текстил компаниялари билан экологик бўёқларни етказиб бериш ва текстил маҳсулотларини бўяш хизматини кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди.

Янгиликлар лентаси
0