ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Москва шаҳрида бўлиб ўтган "Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016" тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, техника ва технологиялари халқаро ярмаркасида Ўзбекистондаги компания ва корхоналар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида хабар берилмоқда.
"Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг "Истиқлол Текстиль Дизайн", "Samarkand Euroasia Textile", "Sedat Triko Tashkent", "Fortuna Tekstil", "Grand Textile Production", "Aisha Home Textile", "Medex" каби юзга яқин компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. Ярмарка иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди”, дейилади хабарда.
Халқаро ярмаркада фаол иштирок этган ўзбек корхоналари турфа хилдаги экспозицияларни – ранг-баранг газламалар, ип-калава, трикотаж полотноси, катталар ва болалар кийимлари, паҳмоқ ва жинси маҳсулотлар, тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларини таклиф этди.
Халқаро ярмаркада Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг фирма ва компаниялари билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Тадбиркорлар томонидан жами икки юз миллион долларликдан зиёд экспорт шартномалари имзоланди.
Истиқлол йилларида енгил саноат Ўзбекистон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллади. Ўтган даврда соҳага йўналтирилган хорижий инвестициялар ҳажми 2 миллиард 500 миллион долларни ташкил этиб, бу уч юзга яқин йирик лойиҳани амалга ошириш имконини берди. Бугунги кунда Ўзбекистон енгил саноати замонавий жиҳозланган кўп тармоқли йирик корхоналардан иборат.
"Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти таркибидаги саноат муассасалари ип-калава, мато, турфа хилдаги тикувчилик-трикотаж товарлари, махсус кийимлар каби кенг турдаги юксак сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Бу каби енгил саноат маҳсулотлари билан нафақат ички бозор таъминланмоқда, балки улар Европа, Америка, Осиё ва Африка мамлакатларига етказиб берилмоқда.