ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik, Антон Курилкин. Япония бизнес делегациясининг Тошкентга ташрифи якунига етди. Ташрифдан мақсад инвестицион муҳит ва бозор имкониятларини ўрганиш ҳамда ўзбек компаниялари билан бизнес алоқаларини йўлга қўйиш эди.
Муносабатлар тарихи
Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бошлаб Японияни иқтисодий ҳамкор сифатида ўзига жалб этган.
Икки давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги 1994 йилда ҳамкорлик бўйича ўзбек-япон ва япон-ўзбек қўмиталарининг ташкил қилинишидан бошланган. Ушбу қўмиталар йиғилишлари доирасида мунтазам равишда инвестициялар ва компаниялар ҳамкорлиги муҳокама қилиниб келинади. Масалан, 2016 йилнинг апрелида қўмиталарнинг қўшма йиғилишидан сўнг Mitsubishi Corporation корпорациясининг бош ижрочи вице-президенти Хидето Накахара ўзбек ва япон компаниялари умумий қиймати 8 миллиард долларлик инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқаётганини билдирди.
2000 йилда Тошкентда Япониянинг ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) офиси очилди, бизнесменларнинг ташрифини ҳам айнан мана шу ташкилот уюштирган. Шуни ҳам айтиш жоизки, МДҲ бўйича фақатгина Москва, Петербург ва Тошкентда JETRO офислари мавжуд.
Давлатларнинг раҳбарлари ҳам ўзаро учрашувларда инвестиция масалаларини муҳокама қилиб келишган. 2015 йил октябрида Япония бош вазири Синдзо Абэ Президент Ислом Каримов билан учрашуви якунида энергетика ва транспорт инфраструктураси, қайта ишлаш саноати, телекоммуникация, автомобил, кимё ва нефт-газ саноатини модернизация қилиш учун 8,5 миллиард доллар ҳажмида инвестиция йўналтиришга келишиб олинганини маълум қилди.
Япон манфаати
Россия ФА Иқтисодиёт институтининг собиқ совет мамлакатлари тадқиқот маркази иқтисодий ривожланиш бўлими раҳбари Елена Кузьминанинг айтишича, ўзбек урани ва мамлакатда қазиб олинадиган рангли металлар япон компанияларининг қизиқишини уйғотади.
Шу билан бирга япон компаниялари учун республика машинасозлик маҳсулотларини сотиб олувчи харидор сифатида ҳам қизиқ.
"Ўзбекистонда саноат анча жадал суръатларда ривожланаётганини эътиборга оладиган бўлсак, бу ерда саноат учун маҳсулот, машина ва ускуналар етказиб бериш бўйича ўзаро манфаат мавжуд, лекин инвестициялар натижаси ҳақида гапиришга ҳали эрта", — дейди эксперт.
"Японлар Ўзбекистонга инвестиция кирита бошлаганига кўп бўлмади. Абэ тилга олган маблағ биринчи навбатда яқин йиллардаги ҳамкорликнинг мақсадидир. Умуман олганда, инвестициялар хом ашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Масалан, япон бизнесменларида Ўзбекистоннинг автомобил ва текстил саноати катта қизиқиш уйғотади. Япония Ўзбекистондаги иқтисодий фаолиятини кенгайтириш ниятида", — таъкидлайди Кузьмина.
Ўзбекистоннинг маълум қилишича, мамлакатга киритилган япон сармояларининг умумий миқдори бугунги кунда 2,3 миллиард долларни ташкил этади. Бу маблағларнинг аксарият қисми имтиёзли иенали кредитлар (1,5 миллиард доллар) ва тижорат кредитларидир (700 миллион доллар). Ҳозирда Ўзбекистонда Япония билан ҳамкорликда 11та қўшма корхона ташкил этилган ва 12 япон компаниясининг ваколатхонаси очилган.