ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. change.org сайтида Ўзбекистонда чиқиш визасини (ОВИР) бекор қилиш сўралган петиция пайдо бўлди, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Петиция муаллифи ушбу таклиф-даъватни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ҳам йўллаган.
Бугунги кунда хорижга чиқмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун чиқиш визасини олиш энг оғриқли мавзулардан биридир. Ўзбекистондан чет давлатга чиқишни истаган фуқаролар бунинг учун давлатдан рухсат олиши лозим.
"Маълумки, мазкур виза фуқароларнинг ҳорижга чиқишини тартибга солиш мақсадида амалга киритилган эди. Маълум давргача, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида, бундай амалиёт ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Бироқ, замон – 21-аср – янги талабларни олдимизга қўймоқда. Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси порахўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", — дейилади петицияда.
Ҳақиқатан ҳам, икки йиллик ОВИР визасини олиш учун Ўзбекистон ИИВда навбат кутиш, ортиқча харажатлар қилиш, бунинг устига икки ҳафта ва ундан ҳам кўпроқ вақт кутишга тўғри келади. Айрим ички ишлар ходимлари ўз мансабини суиистеъмол қилиб, визани тезроқ олиб бериш эвазига пора талаб қилишади.
"Дарҳақиқат, чиқиш визасини олиш учун талаб қилинадиган хужжатларда фуқаро бир қатор саволларга жавоб берган ҳолда муайян анкетани тўлдиради. Унда аслида иккита асосий савол мавжуд: бу фуқаро аввал судланганми ва у давлат сирларига эгами. Таъкидлаш керакки, иккала савол бўйича тегишли давлат идораларида тўла маълумот мавжуд бўлади ва мазкур тоифага кирувчи шахслар ҳорижга чиқувчи оддий фуқаролар орасида деярли учрамайди. Қолаверса, ҳорижга чиқиши таъқиқланган ёки чекланганлар тоифасига киритилган фуқаролар тўғрисидаги маълумот чегара идораларига олдиндан берилган бўлиб, бу маълумотни доим фуқаро чегарани кесиб ўтиш вақтида компьютер орқали автоматик тарзда текшириш осон", — деб ёзади петиция муаллифи.
Муаллифнинг айтишича, бир нечта бундай фуқароларни деб минглаб оддий фуқароларга чиқиш визасини олиш билан боғлиқ турли муаммолар ва қийинчиликлар, ортиқча оворагарчиликлар пайдо бўлмоқда.
"Шуни ҳам эслатишимиз зарурки, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1 бандида инсоннинг бутун дунё бўйича эркин юриши, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эга деб таъкидланган. Дунёнинг деярли бошқа ҳеч бир давлатида бундай виза мавжуд эмас. Бизга қўшни бўлган давлатларда ҳам йўқ. Аслида бундай амалиёт фақат Ўзбекистонда ва Шимолий Кореяда қолган. Ўзбекистон Республикаси жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан ва шу йўлда бугунга келиб анча ислоҳотларни амалга оширганлигини инобатга олган ҳолда, биз ўзбекистонликларга чиқиш визасини бекор қилиш учун тегишли қарор қабул қилишингизни таклиф этамиз", — дея якун ясалади петицияга.
Мазкур петиция эълон қилинганидан кейинги ўтган 15 соат ичида уни 400дан ортиқ киши имзолаган.