ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. 2016-йилнинг 11-октябр куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Тошкентга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази.
Илгарироқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали шу йилнинг 4-декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кузатувида иштирок этиш учун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига таклифнома юборган эди.
Амалиётга кўра, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловолди жараёни ва сайловга тайёргарликнинг боришини баҳолаш, миллий сайлов қонунчилигининг умумеътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлиги таҳлили натижалари бўйича сайловларни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг шакли, муддати ва кузатувчилар сони тўғрисида қарор қабул қилади.
Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирлигида, Марказий сайлов комиссиясида, Олий судда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида, Адлия вазирлигида, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда, Миллий телерадиокомпанияда, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистон Республикасида 2004-, 2009- ва 2014-йилларда ҳам фаолият олиб борган. Ўтган йилларда Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси хулосалари асосида Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун 15-18 та ЕХҲТ иштирокчи-мамлакатидан 25 кишидан кўп бўлмаган таркибдаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссиясини юборган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача ШҲТ, ИҲТ, МДҲ Ижроқўми, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси цингари нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилган. Сайловда кўп сонли халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, нуфузини оширишга ҳамда демократик сайловларни ўтказиш масалалари бўйича тажриба ва ахборот алмашишга хизмат қилади.