ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Маълумки, мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг5-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Таъкидлаш лозимки, халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши бутун сайлов жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги тамойиллари мустаҳкамланишига, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишига хизмат қилади.