ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. АҚШ ва Буюк Британия элчилари дипломатик муассасаларнинг расмий сайтларида Қирғизистонда терактлар юз бериши эҳтимоли борлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганлиги боис республика ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, деб хабар беради РИА Новости Қирғизистон ТИВ матбуот хизматига асосланиб.
Куни кеча АҚШ ва Буюк Британиянинг Бишкекдаги элчихоналари сайтларида "Октябрда Қирғизистонда террорчилик хавфи ўта кучли бўлиши, террорчилар Қирғизистон ҳукумати вакиллари ва чет эллик дипломатларга ҳужум қилишлари, одам ўғирлашлари ва гаровга олишлари мумкинлиги ҳақида маълумот олинганлиги" маълум қилинганди.
Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бундай ахборотга эга эмаслигини, элчихоналар эса бу борада ҳеч қандай маълумот беришмаганини билдирди. ТИВ ахборот бўлими эса ўз навбатида террорчилик хавфи ҳақида гапиришга эрта эканлигини маълум қилди.
"АҚШ ва Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихоналари томонидан шу йилнинг октябр ойида Қирғизистонда террорчилик ҳужумлари бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилгани сабабли ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эмил Кайкиев АҚШ элчиси Шейла Гуолтни ва ББ элчиси Робин Орд-Смит билан учрашди", — деб хабар беради Қирғизистон ТИВ.
Учрашув давомида томонлар "ахборот алмашиб туриш ва терроризмга қарши кураш ва огоҳлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар", дейилади матбуот хизмати томонидан.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни эрталаб худкуш террорчи Бишкекда Хитой элчихонаси дарвозасини бузиб кириб, машинага ўрнатилган кучли портловчи мосламани ишга туширди. Оқибатда элчихонанинг уч ходими жароҳатланди. Дипломатларга зарар етмади. Элчихона биносига катта зарар етди.