ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Айни пайтда депутатлар ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонун лойиҳаси муҳокама қилмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексининг 168- ва 267-моддаларига қўшимча киритиш назарда тутилган, деб хабар беради "Новости Узбекистана" Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизматига асосланиб.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шерзод Тўхташевнинг сўзларига қараганда, олиб борилган таҳлилларга кўра, сўнгги уч йил мобайнида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 65 фоизга ошган. Шу боис, транспорт воситасини олиб қочиш жинояти учун жазонинг содир этилган қилмишга мутаносиблигини таъминлаш, жиноят қонунчилигининг огоҳлантирувчи-профилактик функцияси самарадорлигини ошириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз автотранспорт воситасини олиб қочганлик учун 5 йилдан 10 йилгача (амалда – 3-5 йилгача), бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача (амалда – 5-10 йилгача), уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса 15 йилдан 20 йилгача (амалда – 10-15 йил) озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, хабарда айтилишича,сўнгги йилларда фирибгарликни ўзига касб қилиб, ўзгаларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан муайян мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритаётган шахслар устидан тегишли органларга мурожаатлар кўпайган.
– Таҳлиллар шуни кўрсатдики, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чораларининг қўлланиши, жиноятларнинг олдини олиш бўйича тизимли равишда профилактик тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, фуқароларнинг шахсий мулкини эгаллаш билан боғлиқ айрим тоифадаги жиноятларнинг ўсиб бориши кузатилмоқда, – дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Арипов. – Жазонинг содир қилинган жиноятга мутаносиблигини таъминлаш, бундай қилмишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кодекснинг 168-моддасига тегишли тартибда ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, фирибгарликнинг барча турлари ва ҳолатларида қўлланилиб келган жазо муддатлари, жарималар миқдори узайтирилмоқда. Агар ушбу ҳолат жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 400-600 баравари миқдоридаги жаримадан 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача белгилаш таклиф этилмоқда (амалда – 5-10 йилгача). Бундай ўзгаришлар мазкур модданинг барча шаклларига тегишли.
Қонун лойиҳаси юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек жиноячиликка қарши кураш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган, дейилади хабарда.