ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Озарбайжон мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Гасанов Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-полковник Қобул Бердиев билан учрашди.
Вазирлар Тоғли Қорабоғ низосини бартараф этиш масалаларини ҳамда Боку ва Тошкент ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Москва халқаро муносабатлар институти Аналитика маркази катта илмий ходими Леонид Гусевнинг фикрича, бу давлатлар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири терроризмга қарши кураш бўлиши мумкин.
"Иккала давлат учун ҳам терроризмга қарши кураш муҳим масала. Ўзбекистон ИД гуруҳи пайдо бўлаётган Афғонистон билан чегарадош. Озарбайжон эса Туркия ва Эроннинг курд вилоятлари билан чегарадош. Ҳозирча у ерда тинчлик ҳукм сураётган бўлсада, Озарбайжон вазият кескинлашиши мумкинлигидан хавфсирамоқда", — дейди Гусев.
"Национальная оборона" журнали бош муҳаррири Игор Коротченко ҳам Гусевнинг фикрига қўшилади. У ҳам Озарбайжон ва Ўзбекистон хавфли ҳудудда жойлашгани ва умумий таҳдидларга қарши кураш ўзаро ҳамкорлик ва музокараларнинг асосий мавзуси бўлишини таъкидлайди.
Шу билан бирга эксперт Тошкентни Озарбайжондан қурол сотиб олиш қизиқтириши мумкинлигини тахмин қилади.
"Эҳтимол, Ўзбекистонни Озарбайжондан у ёки бу турдаги қуролни сотиб олиш қизиқтириши мумкин. Бу биринчи навбатда миномётлар, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва ҳарбий жиҳозлар бўлиши мумкин", — дейди Коротченко.
Шу билан бирга у Озарбайжон вазирининг Тошкентга ташрифидан кейин ўзаро ҳамкорликда ўта сезиларли жиддий ўзгаришларни кутмайди.
Икки республика ўртасидаги ҳарбий алоқалар 2009 йилда бошланган бўлиб, ўшанда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга кирган.
Ўшандан буён бу давлатларнинг мудофаа вазирлиги вакиллари ўзаро ташриф уюштиришади: 2010 йилда Озарбайжон мудофаа вазири Сафар Абиев Тошкентга келган бўлса, бир йилдан сўнг Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев жавоб ташрифи билан Бокуга борган. 2014 йилда Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, республика қуролли кучлари Бош штаби раҳбари генерал-майор Шавкат Норматов Озарбайжонга ташрифи доирасида мамлакат мудофаа вазирлиги, қатор мудофаа корхоналари ва ҳарбий ўқув юртларида бўлган.