ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ёш авлодга бўлган эътибор натижасида истеъдодли ўзбек ёшлари нуфузли танловларда ғолиб бўлмоқдалар, деб ёзади "Жаҳон" АА.
Ана шундай ёшлардан бири Иззатилла Тошкенбоев Италияда бўлиб ўтган ХIII "Читта ди Пезаро" халқаро мусиқа танловининг "Миллий куйлар" йўналишидаги бош мукофотини қўлга киритди.
У шунингдек, Жоаккино Россини номли халқаро мусиқа фестивалида ҳам юксак эътирофга эришди. Унинг миллий чанг мусиқа асбобида "Севильялик сартарош" операсидан увертюра ва ўзбек ҳамда классик мусиқачиларнинг ижодларидан намуналар ижро этиши гулдурос қарсакларга сабаб бўлди. Ёш истеъдод эгаси “келажак мусиқачиси” номинациясида мусиқа оламининг нуфузли мукофотларидан бири “Шиша юрак” мукофотига сазовор бўлган ўзбекистонлик биринчи созанда бўлди.
Иззатилла Тошкенбоевнинг бу ютуқлари унинг Ватикандаги Авлиё Пётр майдонида Rai телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилган халқаро санъат ва мусиқа фестивалида юз минглаб томошабинлар олдида чиқиш қилишига сабабчи бўлди.
Ёш созанданинг чангни маҳорат билан чалиши Ватикан раҳбари Франциск Iни ҳам лол қолдирди ва у ўзбекистонлик истеъдод билан шахсан танишди ҳамда йигитчадан совға тариқасида ўзбек дўпписини олди.