ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Самарқанд вилояти, Булунғур туманидан бўлган Исфандиёр Маҳмудов ўз тенгдошлари орасида ўтказилган Sea Sun festival халқаро ёш мусиқачилар танловида биринчи ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда "Самаркандский вестник" нашри.
Машҳур бастакорларнинг асарларини гитара ёрдамида зўр маҳорат билан ижро этган саккиз яшар Исфандиёр, томошабинларнинг гулдурос олқишларига сазовор бўлди.
"Энг ёш иштирокчи сифатида Исфандиёр қўлга киритган ушбу ютуқ нафақат биз, балки у таҳсил олаётган 23-умумтаълим мактаби жамоаси, ота-онаси, тенгдошлари кўнглига фахр-ифтихор туйғуларини сингдирди", — дейди Булунғур туманидаги 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Шербек Ёрматов.
Фестивалда дунёнинг 13 мамлакатидан 300 нафарга яқин ёш мусиқачилар ўз маҳоратларини намойиш этганлар.