ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Тошкентдаги "Ислом ота" жомеъ масжиди янги биносининг очилиши муносабати билан 6 октябрь куни тонгда эҳсон оши берилди. Маросимдан фоторептораж Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган.
Маросим таклифномасида қайд этилишича, тадбир "Ислом ота" жомеъ масжиди янги биносининг очилиши шукронаси ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов руҳи покларига савоби етсин деган умидда" ташкил этилган.
"Ислом ота" жомеъ масжиди жамоасининг маълум қилишича, масжиднинг янги биноси "Юртбошимизнинг кенжа қизлари Лола Каримова-Тиллаева ва куёвлари Тимур Тиллаев ҳомийлигида" буткул қайта қурилган.
Эслатиб ўтамиз, масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этган. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин.
Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат. Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар.
Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган. Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди.
Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни Тошкентда инсульт оқибатида вафот этган эди. Марҳум ўзи туғилиб ўсган шаҳар — Самарқандда мусулмон урф-одатларига кўра дафн этилди.