ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. "Ўзбегим ёшлари" мусиқа гуруҳи озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг таваллуд айёмига бағишлаб ўтказилган халқаро ёшлар фестивалида "Энг яхши чиқиш ва ижро" номинациясида мукофотга сазовор бўлди, деб хабар беради "Культура.уз".
Фестивалда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Туркия ва Қатар давлатларининг ижодкор ёшлари қатнашдилар.
Фестивал дастуридан халқаро конференция, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар, ёш фотографлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ва катта гала-концерт ўрин олди. Кўп сонли томошабинлар олдида чиқиш қилган ҳар бир давлат вакиллари ўз юртининг маданий хилма-хиллигини очиб беришга ҳаракат қилди.
"Ўзбегим ёшлари" гуруҳининг ёш санъаткорлари ўзларининг ажойиб мусиқий ва рақс чиқишлари билан озарбайжонлик мухлислар эътиборини қозондилар.
Фестивал якунида ўзбекистонлик санъаткор ёшларга "Энг яхши чиқиш ва ижро" номинациясидаги мукофотни Ганжа шаҳри мэрлиги раҳбари Эльмар Велиев топширди.
Фестивал давомида унинг иштирокчилари буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг мавзолейига ташриф буюрдилар, Кўккўл кўли ва Кўккўл миллий паркида бўлдилар.
Озарбайжонда "Ўзбегим ёшлари" ансамбли шунингдек, Бокудаги Ичери шеҳер туманида ўз концерт дастурини намойиш этди. Санъаткорлар очиқ осмон остида чиқиш қилдилар. Мухлислар уларнинг чиқишларини гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.
Ансамбл бадиий раҳбари Лутфия Рўзибоеванинг айтишича, ансамблнинг асосий мақсади ўзбек маданий анъаналарини сақлаб қолиш ва авлодларга қолдириш, жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистон халқларининг фольклори, қўшиқ ва рақслари, миллий кийимлари билан таништиришдан иборат.
"Ўзбегим ёшлари" таркибида юздан ортиқ киши қатнашади. Ансамбл Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Европадаги қатор мамлакатларда чиқишлар қилган. Ансамбл аъзолари орасида халқаро танлов ва фестивалларнинг ғолиблари ҳам бор.