ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Дастлаб икки йил ичида "Ангрен" логистика маркази акциялари давлат улушининг 49%и хорижий инвесторларга сотилиши мўлжалланганди, деб хабар беради nuz.uz.
Автомобил ва темир йўл юк ташувлари хизматини кўрсатишга ихтисослашган "Ангрен" логистика маркази 2010 йилда Тошкент вилоятидаги темир йўл станцияси негизида ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан темир йўл орқали кириб келадиган юкларни қабул қилиш ва қайта ишлаш ҳамда юкларни йил давомида кафолатланган ҳолда "Қамчиқ" довони орқали Фарғона водийси вилоятларига юборишдир.
Логистика марказининг юк амалиётлари ҳажми 4 миллион тоннани ташкил этади.
Расмий маълумотларга кўра, транзит-юк терминали майдони 8,5 гектарга яқин, автомобил паркида эса 340дан ортиқ транспорт техникаси мавжуд.
Асосий ташиладиган юклар сирасига "GM Uzbekistan" автомобиллари, автомобил эҳтиёт қисмлари, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари киради.
"Ўзавтосаноат" АК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" МХК, "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Фарғонаазот" АЖ, "Ўзқурилишматериал" АК, "Озиқовқатсаноатхолдинг" ХК марказ муассислари ҳисобланади.
"Ангрен" халқаро логистика маркази Ўзбекистондаги энг йирик эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги "Ангрен" эркин саноат зонасида жойлашган.