ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига мувофиқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) Ўзбекистонга юборишга қарор қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон МСК матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов, кун.уз хабари асосида
Халқаро кузатув институтининг ўрни ва кузатувни амалга ошириш механизмлари
ЕХҲТ маконида сайловларнинг халқаро кузатуви институти ЕХҲК Конференцияси якунлари бўйича 1990 йил июнда қабул қилинган Копенгаген ҳужжатида назарда тутилган. 1990 йил ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЕХҲК Конференциясида иштирок этувчи давлатлар "Янги Европа учун Париж хартияси" якуний ҳужжати қабул қилиниб, штаб-квартираси Варшава шаҳрида жойлашадиган "Иштирок этувчи давлатлардаги сайловларда алоқалар ва ахборот алмашувига шароит яратиш учун эркин сайловлар бюроси"ни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар. 1992 йилда бу ташкилот "Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро" деб номлана бошлади ва унинг вазифалари инсон ҳуқуқларига алоқадор бошқа соҳаларга ҳам кенгайтирилди".
Ўтган давр мобайнида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ЕХҲТга 57та аъзо давлатларнинг барчасида 300дан зиёд сайловнинг кузатувини амалга оширди. Уларнинг 170 дан ортиғи парламент, 77 таси — президент сайловлари, шунингдек, 60 га яқин референдум ва маҳаллий ҳокимият органлари сайловларидир. Кўрсатиб ўтилган миссиялар таркибида ЕХҲТга барча аъзо давлатлар, шу жумладан Ўзбекистондан 50 мингдан зиёд экспертлар иштирок этди.
2013-2016 йилларда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Россия, Финляндия, Германия, АҚШ, Чехия, Словакия, Франция, Буюк Британия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатлардаги парламент ва президент сайловларида ҳам кузатувларини амалга оширди.
Ўзбекистон сайловларини кузатиш учун нафақат ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросини, балки ШҲТ Котибияти, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли халқаро ташкилотларни, шунингдек, Европа, МДҲ, Америка, Африка ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақси мамлакатларидан кўплаб экспертларни ҳам таклиф қилади.
ЕХҲТ ЭБМнинг мамлакатимиздаги фаолиятидан асосий мақсад
ЕХҲТ ДИИҲБнинг 2010 йилда чоп этилган Сайловларни кузатиш бўйича қўлланма қоидаларига мувофиқ ЕХҲТга аъзо давлатга Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайлов арафасида сайловолди вазиятни ва сайловга тайёргарлик боришини баҳолаш, сайлов комиссиялари иши ташкил қилиниши, сайлов ўтказишга алоқадор давлат органлари, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайловолди жараёнидаги фаолияти билан танишиш учун юборилади. Миссия сайлов бўйича миллий қонунчилик умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил этади.
Ушбу миссиянинг хулосалари асосида ЕХҲТ ДИИҲБ сайловни кузатиш, унинг шакли, давомийлиги ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилади.
Халқаро кузатувчиларнинг иштирокидан нималар кутилмоқда?
Халқаро кузатувчилар иштироки, шунингдек, уларнинг сайлов кузатуви натижалари бўйича берган таклиф ва тавсиялари сайлов қонунчилиги ва амалиётни соҳага доир умумэътироф этилган меъёр ва стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш имконини беради.
Янги нормаларга биноан Марказий сайлов комиссияси бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар беради. Бундан ташқари, сайлов участкалари қамоқда сақлаш жойларида ҳам ташкил этилиши мумкин.
Шунингдек, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш турлари, шакллари ва усуллари мустаҳкамлаб қўйилганлиги, сайловолди ташвиқотига нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошлангунга қадар бир кун олдин ҳам йўл қўйилмасли, муддатдан олдин овоз бериш тартиби белгиланди. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади.