ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Саудияликлар 11 сентябрдаги теракт қурбонларига Ар-Риёдни судга беришларини таъминловчи қонун сабабли АҚШга "ҳалокатли оқибатлар" келиб чиқиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилмоқда, деб хабар беради РИА Новости Spiegel журналига асосланиб.
Чоршанба куни вакиллар палатаси томонидан янги қонун қабул қилинди. АҚШ президенти Барак Обама бу қонунга вето қўйишга уринди, бироқ конгресс илк марта унинг ветосини рад этди.
"Президент Обама учун конгресснинг 9/11 қонуни бўйича қарори ички сиёсий мағлубият ҳисобланади. Саудия Арабистони бундан норози ва бунинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда", — дейилади немис журналида.
Нашр Ар-Риёд ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таянмоқда. Вазирлик конгрессни "ҳалокатли ва хавфли оқибатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриш”га чақирди. Оқибатлар деганда нима назарда тутилганлигига аниқлик киритилмаган.
АҚШ конгресси томонидан қабул қилинган қонун 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар қурбонлари исталган давлатга қарши айблов эълон қилишларига ҳуқуқ беради, бироқ Spiegelнинг эслатишича, ўша куни ҳужумда иштирок этган 19 террорчининг 15таси Саудия арабистонилик бўлишган.
Барак Обама бу қонун АҚШнинг миллий манфаатларига зиён етказиши мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, энди АҚШ америкалик ҳарбийларнинг бошқа мамлакатлардаги ҳаракатларига нисбатан ўша мамлакатлар томонидан даъво қўзғалишидан хавотирда бўлади.