ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ҳар куни юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда, деб хабар беради nuz.uz. Қабулхонанинг Facebookдаги саҳифасида ҳал этилган муаммолар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Масалан, Навоий вилоятида истиқомат қилувчи аёл 26 сентябр куни Қишлоқ қурилиш банкидаги омонат рақамидан маблағларини олишда ёрдам сўраб 1000 қисқа рақами орқали мурожаат қилган. 28 сентябр куни мурожаатчи керакли миқдордаги маблағини олган ҳамда маблағининг қолган қисмини янада юқори ставкали омонат турига расмийлаштирган.
27 сентябр куни виртуал қабулхонага 1000 рақами орқали Сирдарёлик фуқаро мурожаат қилиб, “Агробанк” томонидан таълим кредити ажратилишида ёрдам сўраган. Эртаси куни мурожаатчининг муаммоси ижобий ҳал қилинган ва таълим муассасаси ҳисоб рақамига 4 млн. 400 минг сўм маблағ таълим кредити асосида ўтказиб берилган.
Қабулхонага нафақат шикоятлар, балки миннатдорлик мактублари ҳам келмоқда. Ана шундай мактублардан бирини 89 ёшли онахон йўллаган.
“Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан 89 ёшли педагог онахонни Бош вазир виртуал қабулхонасига мурожаати бўйича масаласи ҳал бўлиб дуо қилганларини ўқиш нақадар қувонч бағишлайди”, дейилади ижтимоий тармоқдаги саҳифада ва мактуб илова қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи-Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси 24 сентябр куни ташкил этилган бўлиб, (0 800) 210-0000 ёки 1000 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), хат юбориш (pm.gov.uz веб-сайтида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки “O‘zLiDeP” ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали мурожаат қилиш мумкин.