ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Даставвал Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя соҳаси тизимидаги асосий тушунчаларни белгилашга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиб келинмоқда. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ижтимоий хизматлар кўрсатилишини ташкил этишга тизимли ёндашув талаб этилишини кўрсатди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Депутатларнинг фикрига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, ижтимоий хизматлар кўрсатиш мониторингини олиб бориш ва баҳолаш механизмларининг белгилаб олиниши ижтимоий ҳимоя тизимининг жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишига имкон беради, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини оширади. Қонун лойиҳасида назарда тутилган идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик мамлакатимизда ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг тўлиқ рўйхатини тузиш учун асос яратади.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида бир қатор хорижий мамлакатларнинг аҳоли ҳожатманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибасига эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳасининг асосий қоидалари ҳар томонлама муҳокамадан сўнг маъқулланди ва депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини кейинги ўқишга тайёрлаш топширилди.