ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрда Жиззах вилоятига ташриф буюрди ва регион раҳбариятида кадрлар алмашинувини амалга оширди, деб хабар қилди жума куни Ўзбекистон маҳаллий телевидениясида.
Конституцияга биноан Олий Мажлис сенати Раиси Ниғматулла Йўлдошев Ўзбекистон президенти в.б. этиб тайинланиши керак эди. Аммо Йўлдошев бу ваколатни қабул қилишни рад этгач Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафари чоғида Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зафаробод, ва Дўстлик туманларига борган. Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти фаоллари билан учрашиб, саноатни ривожлантириш, пахта ҳосилини йиғиб олиш ва йиғим-терим мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев, Жиззах шаҳри халқ депутатлари сессиясида иштирок этган. Унда, ташкилий масала кўрилган. Ўз вазифасини бажаришда нуқсонларга йўл қўйгани учун шаҳар ҳокими Асрор Қобилов ўз вазифасидан озод этилган.
"Жиззах шаҳри халқ депутатлари Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан, аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритган Абдуқаҳҳор Тўхтаевни Жиззах шаҳар ҳокими вазифасига тасдиқлашди", — деб хабар қилинди телевиденияда.
Шу куни бошқа ташкилий масалалар ҳам кўрилган. Хусусан, меҳнат фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани боис, Жиззах вилояти прокурори Шуҳрат Акбаров ҳамда қатор туман ҳокимлари лавозимидан озод этилган.
Жиззах вилояти раҳбарияти олдига мавжуд камчиликларга барҳам бериш, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган истиқболдаги долзарб вазифалар аниқлаб олинган.