ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Бош котиби Рашид Алимов Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак сайловлар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Алимовнинг билдиришича, 18 сентябр куни ШҲТ Бош котиби номига Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан 2016 йилнинг 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларни кузатишда иштирок этиши таклиф этилган таклифнома келган. Президентлик ва/ёки парламент сайловлари ҳамда референдумлардаги ШҲТ кузатувчилар миссияси ҳақидаги низомнинг 1-бандига кўра, миссия миллий координаторлар кенгаши билан келишган ҳолда котибиятни шакллантиради ва координация қилади.
Жорий йилнинг 20-23 сентябр кунлари Пекинда бўлиб ўтган сўнгги йиғилишида ШҲТ аъзо-давлатлари миллий координаторлари Ўзбекистонга миссия юборишга қарор қилишди. Котибият ШҲТ кузатувчилари миссиясини шакллантириш амалиётини бошлади.
"Ўзбекистон Республикасидаги Президентлик сайловлари биринчи навбатда қадрдон ўзбек халқи, шунингдек, бутун минтақа ва ШҲТ ҳудуди учун муҳим аҳамиятга эга, — дея қайд этди ШҲТ Бош котиби. – Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тамал тоши қўйилишида иштирок этган, ташкилотнинг оёққа туриши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшган ва қўшмоқда".
"Биз Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолиятида бундан буён ҳам фаол иштирок этишига ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига янада катта ҳисса қўшишига умид қиламиз", — деди Алимов.