ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik, Анастасия Александрова. Афсонавий ўзбек боксчиси Руфат Рисқиевга ёрдам жуда зарур, деди ўзбекистонлик мураббий Мурод Эргашев Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
"Ампутациядан сўнг унинг соғлиги яхши деб баҳоланмоқда. Табиийки, унга ёрдам зарур. Кейинги йилларда машҳур чемпионимизнинг молиявий аҳволи ёмонлашган. У кишидан хабар олиб турибман. Унинг аҳволи ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалгач (шунингдек менинг постим ҳам) уни танийдиган ва танимайдиганлар ҳам касалхонага кўргани боришмоқда", — деди Мурод Эргашев.
Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган Руфат Рисқиевнинг оёғи веналар тромбози сабабли кесиб ташланди. "Тошкент йўлбарси" Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонасининг жарроҳлик бўлими 5-палатасида ётибди.
Мурод Эргашевнинг айтишича, у Руфат Рисқиев билан 90-йиллар бошларида танишган.
"Ўшанда мен бокс бўйича Бухоро вилояти жамоаси катта мураббийи эдим. Бухорода ўтказиладиган мусобақага Руфат акани таклиф этдим. У кишига дўстларим ёрдамида "Интурист" меҳмонхонасидан жой топишимга қарамасдан, у менинг уйимда тунашни маъқул кўрди. Биз деярли эрталабгача ухламасдан бокс ҳақида суҳбатлашдик. Руфат ака латифа айтишга ҳам жуда уста.
Ўшандан буён бутун умрини боксга бағишлаган бу инсонни жудаям ҳурмат қиламан", — дейди у.
Sputnik Ўзбекистон Руфат Рисқиев соғлиги билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.