ТОШКЕНТ, 27 сен – Sputnik. Ўзбекистондан Россияга мева ва сабзавотлар еткизиб бериш бўйича савдо уйлари Москва ва Санкт-Петербургда очилади, деб хабар қилмоқда “Ўзмевасабзавотхолдинг” Холдинг компанияси.
"Сибирский альянс" компанияси ва “Ўзмевасабзавотхолдинг” Холдинг компанияси, келишилган шартномаларни амалга ошириш мақсадида, Москвада савдо уйи ташкил қилиш борасида керакли ҳужжатларни Россия Федерациясининг рўйхатдан ўтиш органига юборишди”, — дейилган компания хабарида.
Хабарда айтилишига кўра, “Ўзмевасабзавотхолдинг” ҳамда россиянинг “ФинИнвест Консалтинг” МЧЖ Санкт-Петербургда ҳам савдо уйи ташкил қилиш борасида керакли ҳужжатларни таёрлашди.
Савдо уйлари очилиши Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳининг Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар еткизиб бериш ҳақидаги музокаралари натижаси бўлди, — дейилган хабарда.
"Сибирский альянс" Ўзбекистонда “Ўзмевасабзавотхолдинг” билан биргаликда қўшма корхона ташкил қилишни режалаштирган ва шу билан бир вақтда Ўзбекистондан олиб келинган янги ва қайта ишланган мева-сабзавот ҳамда гўшт-сут маҳсулотларини сотиш учун Россиянинг Улгуржи-тақсимлаш марказлари миллий ассоциацияси билан шартнома имзолади.
Ҳужжат ушбу лойиҳаларга тўғридан-тўғри чет эл сармояларини жалб қилишни кўзда тутган. Ўтказилган музокаларлар натижасида Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларни Россиянинг “Магнит” ва “Х5 Retail Group” савдо тармоқлари орқали сотиш ҳақида ҳам шартномалар имзоланган.
Бироз олдин, Ўзбекистондан олиб келинаётган мева-сабзавотлар учун божхона назорати ва фитосанитар расмийлаштириш жараёнларининг осонлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Кўрилган учшбу чоралар ва келишувлар натижасида бу йил Ўзбекистондан Россияга олиб келинаётган маҳсулотлар ҳажми икки баравар ўсди.
Шунга қарамасдан айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда. Улар орасида маҳсулот ташиш нархи ва Евроосиё мамлакатлари орқали транзит ўтиш тарифлари қимматлиги ҳамда чегара карантин муддати узоқлиги қайд этилмоқда. Шунингдек, маҳсулот кам миқдорда олиб келинганда унинг нархи қимматлашиб кетиши ҳам қайд этилмоқда.
Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январ-июн ойларида мева- сабзавот экспорти 30 % га ошди, шундан Россия ҳисобига 60-65 % тўғри келди.